Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ошди
Статистика қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига оид муҳим рақамлар эълон қилинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 39 047 321 нафарни ташкил этди. Бу жорий статистик ҳисоб-китобларда келтирилган 38 236 704 нафар кўрсаткичдан 810,6 минг нафарга кўпдир.
Қайд этилишича, мамлакат аҳолиси сони 1989 йилда ўтказилган сўнгги умумдавлат аҳолини рўйхатга олиш натижаларига нисбатан қарийб икки баробарга ошган. Бу эса сўнгги ўттиз йилдан зиёд вақт давомида мамлакатда кузатилаётган барқарор демографик ўсишни тасдиқлайди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, рўйхатга олиш жараёнида мамлакат аҳолисининг 97,3 фоизи қамраб олинган. Аҳолининг 2,7 фоизи эса турли сабабларга кўра рўйхатга олишда иштирок этмаган. Таъкидланишича, бундай кўрсаткич халқаро амалиётда меъёрий ҳолат ҳисобланади. Айрим давлатларда рўйхатга олишдан четда қолган аҳоли улуши 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолатлар ҳам учрайди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш учун ўртача 0,12 АҚШ доллари сарфланган. Бу кўрсаткич рўйхатга олиш жараёнида рақамли технологиялардан самарали фойдаланилгани ва ташкилий харажатлар мақбуллаштирилганини кўрсатади.
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида бир йилдан ортиқ муддат истиқомат қилаётган 56 860 нафар хорижий фуқаро ҳам рўйхатга олинган. Уларнинг 19 300 нафари Тошкент шаҳрида яшайди.
Хорижий фуқаролар давлатлар кесимида қуйидагича тақсимланган: Ҳиндистон — 13 312 нафар, Россия Федерацияси — 10 826 нафар, Қозоғистон — 9 425 нафар, Тожикистон — 5 722 нафар, Туркманистон — 5 347 нафар, Қирғизистон — 4 397 нафар, Покистон — 1 433 нафар, Хитой — 1 031 нафар, Туркия — 811 нафар, Корея Республикаси — 691 нафар, бошқа давлатлардан эса 3 865 нафар фуқаро рўйхатга олинган.
Дастлабки натижалар аҳолининг тил таркибига оид маълумотларни ҳам очиқлади. Унга кўра, мамлакат аҳолисининг 35,7 миллион нафари ёки 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан 1,9 фоиз пунктга юқоридир. Шу билан бирга, дастлабки маълумотларга кўра, аҳолининг миллатлар таркибида ўзбеклар улуши 89,4 фоизни ташкил этган.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг демографик ривожланиши, ижтимоий-иқтисодий дастурларни шакллантириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда давлат сиёсатини режалаштиришда муҳим статистик манба вазифасини бажаради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА