Ўзбекистон аэропортларида портловчи моддаларни аниқловчи янги технология жорий этилади
Ўзбекистон аэропортларида авиация хавфсизлигини янада кучайтириш, халқаро стандартларга мувофиқ текширув тизимини такомиллаштириш ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам қўйилди.
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ва америкалик ҳамкорлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз халқаро аэропортлари замонавий текширув ускуналари билан таъминланади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси, АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) ҳамда Экспорт назорати ва чегаралар хавфсизлиги дастури (EXBS) билан ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳа доирасида АҚШ Ҳукумати томонидан Uzbekistan Airports компаниясига 12 та замонавий LEIDOS русумли газ анализатори беғараз асосда тақдим этилди.
Ушбу ускуналар Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида жорий этилади. Улар юклар, почта жўнатмалари, багаж ҳамда йўловчиларнинг қўл юкларини текшириш жараёнида портловчи моддаларнинг излари ва буғларини юқори аниқликда аниқлаш имкониятига эга бўлган энг сўнгги авлод авиация хавфсизлиги воситалари ҳисобланади.
Янги технологияларнинг жорий этилиши текширув жараёнларининг самарадорлигини ошириш, хавфларни барвақт аниқлаш, аэропортларда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг авиация соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Uzbekistan Airports раиси ўринбосари, авиация хавфсизлиги ва режим масалалари бўйича раҳбар Беҳзод Юсуповнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яна бир амалий натижаси бўлди.

— Биз Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси, EXBS дастури раҳбарияти ва АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмуриятига кўрсатилган ишонч ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз, — дейди Uzbekistan Airports раиси ўринбосари, авиация хавфсизлиги ва режим масалалари бўйича раҳбар Беҳзод Юсупов. — Замонавий технологияларни жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва авиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича қўшма лойиҳалар мамлакатимиз аэропортлари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Келгусида ҳам илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Янги ускуналарнинг ишга туширилиши мамлакатимиз аэропортларида хавфсизлик даражасини янада ошириш, йўловчилар учун ишончли ва хавфсиз авиация муҳитини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА