Ўзбекистон 2027 йилдан IEC’нинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланади
Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан Халқаро электротехника комиссиясининг (IEC) тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида фаолият юритади.
Бу ҳақда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ва IEC Бош котиби ҳамда бош директори Филипп Мецгер ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.
Мулоқотда томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро стандартларни миллий иқтисодиётга жорий этиш, шунингдек, электротехника, энергетика, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларидаги алоқаларни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг IEC’га тўла ҳуқуқли аъзо бўлиши мамлакат халқаро стандартлаштириш тизимига интеграциялашувини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Бу, ўз навбатида, миллий сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, саноат рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳозирда Ўзбекистонда миллий стандартларнинг халқаро талабларга уйғунлашиш даражаси ўртача 47 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич энергетика соҳасида 77,9 фоизга, ахборот технологияларида 78 фоизга ва электротехника тармоғида 56,5 фоизга етган. Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида халқаро стандартлар ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини жорий этиш маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишдаги техник тўсиқларни камайтириш имконини беради.
[gallery-30837]
Учрашувда рақамли технологиялар ва энергетика соҳаларидаги кўрсаткичлар ҳам алоҳида қайд этилди. 2025 йилда мамлакатнинг рақамли хизматлар экспорти 940 миллион долларга етди. «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси доирасида эса 1 миллиондан ортиқ фуқаро IT соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлди. Энергетика тизимида 86,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 42 та янги объект ишга туширилди. Шундан 5 миллиард киловатт-соати қуёш ва шамол станциялари ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга қадар қайта тикланувчи манбалар асосида 20 гигаваттлик қувватларни ишга тушириш ва «яшил» энергия улушини 40 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, электротехника саноатида 31 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 85 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилди. Соҳа экспорти 1,3 миллиард долларга етди ва бу мамлакат товар экспортининг қарийб 10 фоизини ташкил этмоқда.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг IEC доирасидаги иштирокини фаоллаштириш, миллий экспертлар жалб этилган техник қўмиталар сонини кенгайтириш ҳамда «яшил» энергетика, сунъий интеллект ва «ақлли» тизимлар бўйича амалий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Ҳамроз Баёнов,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА