Ўзбек тилим — жону дилим
Бухоро шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ҳамда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига бағишланган “Ўзбек тилим — жону дилим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, тил — миллатнинг руҳи, маънавий қиёфаси ва миллий ўзлигини намоён этувчи беқиёс қадриятдир. Шу боис она тилини асраб-авайлаш, унинг нуфузини юксалтириш ва келажак авлодга соф ҳолда етказиш ҳар биримиз учун юксак масъулиятдир.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур қарорда давлат тилини жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг ва тўлақонли қўллаш, унинг нуфузини янада ошириш, замонавий тараққиёт талабларига мос равишда ривожлантириш, ёш авлод қалбида она тилига меҳр ва садоқат туйғуларини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилгани алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг тилга эътибори — миллат маънавияти ва миллий ўзликка эътибордир. Бугун ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни илмий, маданий, ижтимоий ва давлат бошқаруви соҳаларида янада кенг қўллаш учун яратилаётган имкониятлар она тилимизга бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодасидир.
Тадбир давомида вилоятда фаолият юритаётган 12 та миллий маданий марказ вакиллари иштирок этишиб, она тилимизга бўлган меҳр ва эҳтиромини шеърий чиқишлар орқали ифода этишди. Миллий маданиятлар уйғунлиги акс этган тадбирда ўзбек тилининг жозибаси ва бойлигини тараннум этувчи шеърлар ўқилди, дилрабо куй-қўшиқлар янгради.

— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ва Ўзбек тили байрами юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун ҳам муҳим ва қадрли сана, — дейди Корейс миллий маданий маркази раҳбари Родион Ли. — Чунки тил — халқларни бирлаштирадиган, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган буюк қадриятдир. Бугун Ўзбекистонда давлат тилига бўлган эътибор ва унинг нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётгани биз, миллий маданий марказлар вакилларини ҳам қувонтиради. Ўзбек тилини ўрганиш, унда эркин мулоқот қилиш ва фарзандларимизга ўргатишни биз ҳам ўзимиз учун муҳим вазифа деб биламиз. Ўзбек тили жуда бой, жозибали ва қалбга яқин тил. Биз уни ҳурмат қиламиз ва унинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшишдан мамнунмиз. Бугунги тадбирда ўзбек тилида шеърлар ўқиш, куй-қўшиқлар ижро этиш орқали юртимиздаги миллатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувликни яна бир бор намоён этиш имконига эга бўлдик. Ишонаманки, она тилимизга бўлган меҳр ва эҳтиром, аввало, ёшлар қалбида мустаҳкам қарор топса, ўзбек тилининг нуфузи янада юксалади. Зеро, ўзбек тили — барчамизни бирлаштириб, ягона Ватан атрофида жипслаштириб турган бебаҳо маънавий бойликдир.

Айниқса, турли миллат ва элат вакилларининг ўзбек тилида шеърлар ўқиб, она тилимизга юксак эҳтиром кўрсатгани тадбирга алоҳида файз бағишлади. Бу эса юртимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ва викториналар Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида изчил давом этмоқда.
Она тилига эҳтиром — миллатга эҳтиром. Уни асраш ва юксалтириш эса барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири