Ўзбек тили байрами нишонланди
Сурхондарё вилоятида 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан давра суҳбатлари, учрашув ва бошқа маданий–маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Олтинсой туманидаги 15–Болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган байрам тадбири “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” деб номланди.

Тумандаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда ўзбек тилининг мавқеини, давлат тили сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, софлиги ва жозибадорлигини янада ошириш ҳақида сўз юритилди. Она тилимизнинг дунё минбарларида янграётганидан ҳар бир миллатдошимиз фахр-ифтихор ҳиссини туйиб яшаётгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбир доирасида Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб, туман ахборот- кутубхона маркази ходимлари томонидан ташкил қилинган “Тил – миллат кўзгуси” деб номланган нодир китоблар ва истеъдодли ўқувчиларнинг ранг-баранг расмлари кўргазмаси намойиш этилди. Она тили, Ватан, миллий қадрият ва миллат ғурури каби мавзулардаги ўзбек тилини улуғловчи шеърлар, жозибадор куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

Тадбир якунида “Она тилим – фахрим” номли челленжлар танлови ғолиблари ва ўзбек тили тарғиботида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ олтинсойликларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


Ўзбек тили байрами Термиз шаҳри ва туманларда, таълим, тиббиёт ва бошқа муассасаларда ҳам муносиб нишонланди.
Холмўмин Маматрайимов
ЎзА мухбири