Ўзбек тафаккурининг юксалиш йўли
Қадимги Юнонистон жаҳон фалсафасининг маркази саналса-да, буюк юнон мутафаккирлари ўзларининг илк қарашларини шакллантиришда қадимий Шарқ, хусусан, Турон заминида яратилган тафаккур дурдоналаридан баҳра олган.
Тафаккур илдизлари
Бу заминдаги фикрий юксалишнинг илдизлари жуда қадимга бориб тақалади. Ҳали юнон файласуфлари саҳнага чиқмасидан анча аввал бу ҳудудда зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” орқали эзгулик ва ёвузлик курашига асосланган дунёқараш шаклланган эди. Бу таълимот инсоннинг оламдаги ўрни, унинг ахлоқий масъулияти ҳақидаги илк фалсафий мушоҳадалардан бири эди. Қадимги аждодларимизнинг табиатнинг тўрт асосий унсури – ер, сув, ҳаво ва оловни эъзозлашга асосланган натурфалсафий қарашлари ҳам борлиқнинг ибтидосини англашга бўлган соф илмий интилиш эди. Ушбу қарашлар нафақат минтақамиз, балки қўшни ўлкаларга, жумладан, Қадимги Миср ва Бобил орқали Юнонистонгача етиб борган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳатто Юнонистоннинг биринчи фалсафий мактаби ҳисобланган Милет мактаби вакиллари (Фалес, Анаксимандр, Анаксимен) ҳам ўз ғояларини, хусусан, оламнинг асоси моддий субстанциядан иборат деган қарашни айнан Шарқдан олгани эҳтимолдан холи эмас.
Ғоялар чорраҳасида
Турон қадимдан буюк маданиятлар ва тафаккурлар чорраҳаси бўлиб келган. Македониялик Александр юришларидан сўнг бу ерга юнон фалсафаси ва маданияти кириб келиб, маҳаллий қарашлар билан ўзаро таъсирга киришди. Милоддан аввалги асрларда Кушонлар салтанати даврида минтақамизга Ҳиндистондан кириб келган буддавийлик таълимоти ва унинг воқелик, онг ва азобдан қутулиш ҳақидаги фалсафаси Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда яшовчи халқларнинг дунёқарашига таъсир ўтказди. Бироқ “Авесто” ғоялари ҳам халқ хотирасидан бутунлай ўчмади. Милодий III асрга келиб эса бу заминда тенглик ғояларини илгари сурувчи монийлик таълимоти вужудга келди. Кейинчалик у ижтимоий адолатни талаб қилган маздакийлар ҳаракатининг маънавий таянчига айланди. Буларнинг бари аждодларимизнинг доимий фикрий изланишда бўлганидан, жамият ва борлиқ муаммоларига ечим излаганидан далолат беради.
Турондаги илк илмий уйғониш
Минтақамизга ислом динининг кириб келиши билан тафаккур тарихида янги, янада юксак босқич бошланди. IX–XII асрларда Туронда юз берган илмий-маданий юксалишни ҳеч бир муболағасиз биринчи Ренессанс деб аташ мумкин. Бу даврда Бағдодда ташкил этилган “Байт ул-ҳикма” (Донишмандлик уйи) қадимги юнон, ҳинд ва форс илмий меросини араб тилига ўгиришнинг улкан марказига айланди. Аммо бу жараёнда Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аббос ибн Саид Жавҳарий каби Марказий Осиёлик қомусий олимлар етакчи ўрин тутдилар. Улар юнон меросини шунчаки таржима қилмадилар, балки уни танқидий таҳлил қилиб, янги билимлар билан бойитиб, бутунлай янги илмий ютуқларга замин яратдилар.
Мусо Хоразмий алгебра фанига асос солиб, “алгоритм” тушунчасини фанга киритиш орқали инсониятга нафақат янги ҳисоблаш усулини, балки муаммоларни тартибли, мантиқий изчилликда ечишнинг фалсафий тамойилини тақдим этди. Аҳмад Фарғонийнинг астрономияга оид асарлари эса асрлар давомида Европада асосий дарслик вазифасини ўтади.
Бу давр фалсафасининг чўққиси, шубҳасиз, Абу Наср Форобий ва Абу Али ибн Сино каби буюк зотларнинг номи билан боғлиқ. Аристотелдан кейин “Иккинчи муаллим” дея улуғланган Форобий қадимги юнон файласуфлари, айниқса, Платон ва Аристотель қарашларини чуқур ўрганиб, уларни Шарқ тафаккури билан уйғунлаштирди. Унинг “Фозил одамлар шаҳри” асари жамиятни адолат, билим ва маърифат асосида бошқариш ҳақидаги мукаммал сиёсий-фалсафий таълимотдир. Бу асар Платоннинг “Давлат” асарига ўзига хос жавоб ва унинг ривожи эди.
Шайх ур-раис Ибн Сино эса ўз даврининг барча билимларини ўзида мужассам этган қомусий даҳодир. Унинг фалсафий тизими борлиқ, билиш, мантиқ ва руҳ ҳақидаги таълимотларни ўз ичига олади. Ибн Синонинг “Муаллақ одам” номли фикрий тажрибаси Ғарб файласуфи Рене Декартнинг “Фикрлаяпман, демак, мавжудман” деган машҳур хулосасидан қарийб олти аср аввал инсон онгининг ташқи сезгилардан мустақил равишда ўз-ўзини англаш қобилиятини асослаб берган эди. Бу тажриба орқали у соф тафаккурнинг мавжудлигини исботлашга уринган.
Бу даврнинг яна бир буюк сиймоси Абу Райҳон Берунийдир. У ўз тадқиқотларида мислсиз даражадаги холислик ва илмий виждонни намоён этган. Берунийнинг “Ҳиндистон” асари бошқа халқларнинг маданияти, урф-одатлари ва диний қарашларини ҳеч қандай таассубсиз, юксак ҳурмат билан ўрганган илк қиёсий маданиятшунослик намунасидир. Унинг илмий услуби бугунги кун тадқиқотчилари учун ҳам ибрат намунасидир.
Шунингдек, бу даврда тасаввуф ёки ботиний таълимотлар кенг ривожланди. Бу таълимотлар воқеликни нафақат ақл ва мантиқ, балки ички ҳиссий билиш, яъни кашф орқали англаш мумкинлигини илгари сурган. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асарида эса давлатни бошқариш, адолат, ақл ва қаноат каби фалсафий тушунчалар бадиий образлар орқали теран таҳлил қилинган.
Соҳибқирон даври ва ундан кейинги фалсафий мерос
XIV–XV асрларда Амир Темур ва унинг авлодлари салтанати даврида Турон яна бир бор илм-фан ва маданий юксалишнинг марказига айланди. Буни ҳақли равишда иккинчи Шарқ Ренессанси деб аташ мумкин. Соҳибқирон Амир Темур салтанат истиқболи учун илмнинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда ўз даврининг энг етук олимлари, меъморлари ва ҳунармандларини Самарқандга жамлади.
Бу даврнинг энг ёрқин намояндаси Мирзо Улуғбекдир. Унинг Самарқандда бунёд эттирган расадхонаси шунчаки осмон жисмларини кузатиш жойи эмас, балки тажриба ва кузатувга асосланган аниқ илмий билимнинг тантанаси рамзи эди. Улуғбекнинг фаолияти илм-фаннинг ҳукмдор даражасидаги ҳомийлиги нақадар буюк кашфиётларга йўл очишини кўрсатди.
Бу даврда фалсафий фикр асосан тасаввуф таълимоти ва назм орқали ривожланди. Саъдиддин Тафтазоний ва Мир Саййид Шариф Журжоний каби мутафаккирлар мантиқ ва калом илмини юқори поғонага кўтардилар. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ижодида эса инсон, унинг маънавий камолоти, муҳаббат ва адолат каби абадий фалсафий мавзулар юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилди. Навоийнинг “Хамса” асари инсонпарварлик ғояларининг қомуси бўлиб, унда комил инсон ва адолатли жамият орзуси илгари сурилган.
Жадидлар: миллий ўзликни излаб
XIX аср охири ва ХХ аср бошида Туркистон ўлкаси чуқур ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий таназзулни бошдан кечираётган бир паллада саҳнага жадидлар чиқди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарварлар миллатни уйғотиш, уни қолоқликдан олиб чиқишнинг ягона йўли маърифатда, деб билдилар. Уларнинг фаолияти моҳиятан янги миллий фалсафани яратишга қаратилган эди. Жадидларнинг фалсафаси таълимни ислоҳ қилиш, янги усул мактаблари очиш, матбуот ва театр орқали илғор ғояларни тарғиб қилиш, аёллар тенглиги ва миллий ўзликни англаш каби масалаларни ўз ичига оларди.
Фитратнинг “Оила” ёки “Раҳбари нажот” каби асарларида жамиятнинг асоси бўлган оилани соғломлаштириш, ёш авлодни эса замонавий билимлар ва миллий руҳда тарбиялаш ғоялари чуқур фалсафий таҳлил қилинган. Улар эскирган тартибларни танқид қилиб, тараққиёт ва янгиланишга чақирдилар. Афсуски, уларнинг бу эзгу интилишлари советлар тузумининг қатағон сиёсати туфайли аянчли якун топди, миллатнинг энг сара зиёлилари қурбон бўлди.
Мафкуравий қолипдаги фалсафа
Советлар даврида ўзбек фалсафаси чуқур мафкуравий инқирозга юз тутди. У ҳукмрон коммунистик тузумнинг, марксизм-ленинизм таълимотининг хизматкорига айлантирилди. Ҳар қандай миллий ва мустақил фикр “буржуа миллатчилиги” сифатида қораланди. Ёзувнинг аввал арабчадан лотинга, сўнг кириллчага ўтказилиши эса халқни ўзининг минг йиллик бой илмий ва адабий меросидан бутунлай узиб қўйди.
Шунга қарамай, академик Иброҳим Мўминов, Воҳид Зоҳидов, Музаффар Хайруллаев каби олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан мафкуравий тазйиқлар шароитида ҳам фалсафа тарихини, хусусан, Марказий Осиё мутафаккирлари меросини ўрганиш бўйича муайян тадқиқотлар олиб борилди. Иброҳим Мўминов Амир Темурнинг тарихдаги ўрнини оқлашга уриниб, бу йўлда жиддий тўсиқларга учради. Бу даврдаги тадқиқотлар асосан тарих фалсафаси, мантиқ, ахлоқшунослик йўналишларида олиб борилди, бироқ уларнинг барчаси ҳукмрон мафкура призмасидан ўтказилар эди.
Янги Ўзбекистон фалсафаси: Учинчи Ренессанс йўлида
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий фалсафа олдида уни мафкуравий асоратлардан тозалаш, бой тарихий меросни қайта идрок этиш ва миллий тараққиётнинг фалсафий асосларини ишлаб чиқишдек муҳим вазифалар пайдо бўлди. Айниқса, сўнгги йилларда бошланган янгиланишлар даври бу соҳага янги суръат бағишлади. Мамлакатда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясининг илгари сурилиши моҳиятан янги миллий фалсафий дастурдир.
Бугунги ўзбек фалсафасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: Биринчидан, тарихий-фалсафий меросни танқидий қайта баҳолаш. Эндиликда Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек ва Навоий каби даҳолар мероси нафақат тарихий ёдгорлик, балки замонавий Ўзбекистон учун долзарб бўлган ғоялар манбаи сифатида ўрганилмоқда. Иккинчидан, миллий истиқлол ғоясини замонавий глобал чақириқлар нуқтаи назаридан қайта мазмунлантириш. Бунда очиқ, демократик ва ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш, инсон қадрини улуғлаш каби тамойиллар фалсафий асосланмоқда. Учинчидан, глобаллашув шароитида миллий ўзликни сақлаш муаммосини таҳлил қилиш. Ахборот хуружлари, “оммавий маданият” таъсири кучайиб бораётган бир пайтда ёш авлод онгида миллий қадриятларга содиқлик ва айни пайтда умуминсоний ютуқларга очиқлик мувозанатини таъминлаш бугунги фалсафанинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек халқининг фалсафий тафаккури минг йиллик узлуксиз, бой ва мураккаб йўлни босиб ўтди. У жаҳон тафаккури ривожига улкан ҳисса қўшган, бир неча бор юксалиш ва таназзулларни бошдан кечирган. Бугунги кунда ушбу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, уни замонавий тараққиёт талаблари билан боғлаш ва шу асосда келажакка назар ташлаш – Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалиши ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА