Ўзбек спорти юлдузлари жиззахлик ёшлар билан учрашди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди. Спортчилар, мураббийлар, аҳоли вакиллари билан яқиндан суҳбатлашди. Спорт мажмуаларининг ҳолати, мавжуд жиҳоз ва инвентарлар кўздан кечирилди. Машғулот жараёнларида бевосита иштирок этди.
Мамлакатимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилиб келаётган таниқли спортчилар вилоятнинг деярли ҳар бир тумани, шаҳарчаси, маҳаллаларида бўлиб, ёшларга маҳорат дарсларини ўтади.

Хусусан, спорт курашларида юқори натижаларга эришган Актенге Кеунимжаева, Умиджон Жалолов, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, профессионал боксчи Исроил Мадримов, дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов сингари профессионаллар томонидан ўтказилган амалий машғулотлар спортга меҳр қўйган ёшларга кучли руҳий қувват бағишлади.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида Жиззах вилояти Пахтакор туманида янгидан қурилган замонавий дзюдо зали, Арнасой туманида таэквондо WТ бўйича замонавий спорт клубининг очилиш маросимлари ташкил этилди.
Тадбирлар кўтаринки руҳда, юқори ташкилий даражада ўтказилиб, уларда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Янги ташкил этилган мазкур спорт клуби ва мажмуалари вилоятда олимпия спорт турларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва уларни профессионал спортга йўналтиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Фаолиятини бошлаган янги спорт мажмуа ва клублари учун замонавий анжомлар, инвентарлар топширилди.
Т.Рўзиев, ЎзА