Ўзбек полвонлари Самарқандда беллашди
Давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида ўтказилаётган кураш бўйича “Ўзбек полвони” республика спорт мусобақасининг Самарқанд вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган вилоят прокурори Ж.Ҳотамов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов кураш миллий спорт турини оммалаштириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, иштирокчиларга омад тилади.
[gallery-9757]
Самарқанд спорт якка кураши бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида ўтказилган мусобақада туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 200 нафарга яқин ҳаваскор спортчи беллашди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган мусобақа низомига кўра, эркаклар беш вазнда, аёллар уч вазнда ғолиблик учун баҳс олиб борди.
–Мусобақада иштирок этиб, 78 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгалладим, - дейди Булунғур туманидаги 18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Умида Сафарова. – Энди республика босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиш учун гиламга чиқаман.
Мусобақа ғолиблари 15-16 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган республика финал босқичида иштирок этади.
К.Нарзуллаев