Ўзбек олималаридан импорт ўрнини босувчи янги сабзавот навлари(+видео)
Ўзбекистонлик олимлар қишлоқ хўжалигида муҳим қадам ташлади. Улар томонидан яратилган помидор ва қалампирнинг янги навлари нафақат маҳаллий иқлимга мос, балки мамлакатнинг аграр салоҳиятини оширишда катта аҳамиятга эга.
Жумладан, Тошкент давлат аграр университети олималари томонидан помидорнинг янги “Ҳилол Ф-1” нави яратилди. Ушбу даргоҳнинг Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги кафедраси профессори Гўзал Холмуродова илмий маслаҳатида мустақил тадқиқотчи қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Баҳодир Аҳмедов билан ҳамкорликда помидорнинг “Нафис Ф-1”, “Тонг Ф-1” ва ширин қалампирнинг “Ёқут Ф-1” гибридлари устида олиб борилган илмий изланишлари бугун амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шунингдек, мустақил тадқиқотчи Гулжаҳон Миршарипова кафедра профессори Гўзал Холмуродова билан ҳамкорликда помидорнинг “Ҳилол Ф-1” гибридларини яратишди. Ушбу нав ҳозирда бозорларда харидоргир бўлган “Черри” навли помидорга ўхшаш бўлиб, маҳаллий иқлим шароитимизга мослаштирилган.

Ушбу янги навлар хуштаъмлиги ва витаминларга бойлиги, ташиш учун қулайлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги билан алоҳида ажралиб туради.

Мазкур тадқиқотларнинг асосий мақсади – замонавий талабларга жавоб берадиган гибрид уруғларнинг четдан кириб келишини камайтириш, давлат маблағларини тежаш ва аҳолини юқори сифатли сабзавот уруғлари билан таъминлашга қаратилгани учун ҳам аҳамиятлидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iLQNRyZQEbQ" title="O‘zbek olimalaridan import o‘rnini bosuvchi yangi sabzavot navlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА