Ўзбек футболига нима етишмаяпти?
Мулоҳаза
Аслида миллионлаб футбол ишқибозларининг асаб торларини “ғижжак” қилган масала ҳақида, унинг тафсилотлари хусусида яна сўз юритиш “ярага туз сепиш” билан баробар. Аммо юксалиш, ривожланиш, баҳсларда, фикрлар қарама-қаршилигида рўй беришини инобатга олган ҳолда кимлар учундир “бошоғриқ”, кимлар учундир ор-номус, ғурур майдони – ўзбек футболи оламига бир қўр назар ташлашга, айрим фикр-мулоҳазаларни билдирмоққа жазм этдик.
Поезд кетиб бўлди. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига саралашнинг 2-босқичидан кейинги “бекат”га ўта олмади. Қатар йўлларига нигорон бўлган кўзларимиз “ҳар баҳорда шу бўлар такрор” деганларидек, энди кейинги манзил – 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида ўтадиган XXIII жаҳон чемпионатига умидворлик билан термулишдан бошқа чорамиз ҳам йўқ.
Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишади. Минг-минглаб футбол фанатларининг “иродасини тоблаган” Қатар йўлидаги барча уринишларимиз, амалга оширилган “эксперимент”лар, тоат-ибодатларимиз худдики аввалги мундиаллар йўлидаги югур-юугурларимиз самара бермагани каби биз истаган натижани, орзурларимиз рўёбини таъминламади.
Нега шундай бўлди? Давлатимиз томонидан терма жамоа учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганди. Керакли маблағ, зарур воситалар билан таъминланганди. 2019 йилнинг 4 декабрида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинганда кўплаб футбол мутахасссислари қатори айнан 2022 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш босқичларига тайёргарлик кўраётган футболчию тренерлар, мутахассису мураббийлар “ушбу фармон бизга дастуриламал бўлди”, дея баралла айтишганди.
Ваҳоланки, мазкур ҳужжатда “Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари футболчиларининг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилганда қуйидаги натижалар қайд этилган: тезкор куч қобилияти миллий терма жамоада 47%, олимпия терма жамоасида 53%; старт тезлиги даражаси миллий терма жамоада 8%, олимпия терма жамоасида 17%; масофа тезлиги даражаси миллий терма жамоада 61%, олимпия терма жамоасида 68%; тезлик-чидамкорлик даражаси миллий терма жамоада 65%, олимпия терма жамоасида 70%” эканлиги, “футболчиларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолати паст даражада бўлганлиги ва бу халқаро талабларга жавоб бермаслиги, масалан, махсус чидамлилик ва тикланиш тезлигини баҳолаш бўйича «YoYo» тестидан миллий ва олимпия терма жамоасининг бирорта ҳам футболчиси ўта олмаган”лиги кўрсатиб ўтилганди.
Ўтган бир йилдан ортиқ вақт мобайнида терма жамоа мураббий ва мутахассисларида ушбу камчиликларни бартараф этиш, етарли кўникмаларга эришиш учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли эди-ку?!
Фармонда ва унинг концепциясида таъкидланганидек, футболнинг ривожланиш тенденцияси ҳар бир мамлакатда яратилган инфратузилмага, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни профессионал даражада тайёрлашга боғлиқ. Шу маънода, футбол тизимида Ўзбекистонга яқин бўлган Хорватия сўнгги ўн йилда шиддатли ўзгаришларни амалга ошириб, Англия, Франция, Италия, Испания, Германия каби мамлакатлар билан миллионлар ўйинининг жозибасида, юксак техникага эга бўлган иқтидорларни тайёрлашда рақобатлашиш даражасига эришди.
Бугунги кунда ушбу юртнинг футбол майдонларида тарбияланган маҳоратли спортчилар юқорида номлари келтирилган мамлакатларнинг футбол клублари сафини тўлдирди. Бу эса қисқа фурсатда Хорватия футболининг тубдан ривож топишига, иқтидорли спортчилар орқали мамлакат иқтисодиёти юксалишига, қолаверса, футболчилар ва уларнинг оила аъзолари манфаатдорлиги ошишига олиб келди.
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, унинг тараққиётини таъминлаш учун барча воситалар мавжуд. Иқтидорли, изланувчан ва меҳнатсевар ёшлар захираси, зарур инфратузилма, керакли жиҳоз ва майдонлар, қўйингки, “велосепид”ни ҳаракатлантириш учун воситалар етарли. Фақат унинг тўғри ва самарали “юриши”га туртки берадиган етакчи-фидойиларнинг заҳматли меҳнати, жонфидолиги зарур.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, мамлакатимизда футболни ривожлантиришга йўналтирилган 255 та спорт таълим муассасаси фаолият юритади. Шундан, 209 таси болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 14 таси болалар ва ўсмирлар футбол академияси, 15 таси профессионал футбол клублари ҳузуридаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби,17 таси хусусий футбол мактабларидир. Юртимизда футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сони 330 минг нафарга яқинни ташкил қилса, профессионал футболчилар 2000 нафардан ошиқ. Бу аҳоли сонига нисбатан 0,15 фоизга яқинни ташкил этади, деганидир. Англияда 65 миллион аҳолидан 11,5 миллион (20,9%) нафари, Германияда 81 миллион аҳолидан 16,3 миллион (20%) нафари, Россияда 146 миллион аҳолидан 5,8 миллион (4,1%) нафари футбол билан мунтазам шуғулланиб келаётганлигини инобатга олсак, футбол бўйича жаҳон чемпионати “осмонига” чиқа оладиган юксак маҳорат эгаларини тайёрлаш учун кенг майдон ва унда шуғулланадиган минг-минглаб ёшлар “армияси” зарурлиги ойдинлашади.
Ўша Германия, Англия, қўйингки, эслаганимиз Хорватияда ҳам ёшлар, ўсмирлар ўртасида кўплаб оммавий футбол мусобақалари ўтказилади. Худди шунингдек, юртимизда ҳам бу боради футбол баҳсларининг мундарижаси ўзимизга яраша. Лекин, очиғини айтганда, биздаги оммавий мусобақалар – “Маҳалламиз футболи” бўладими “Вазир кубоги”ми, “Ҳоким кубоги”ми бир хил “чехралар”ни учратасиз. Буни табиий ҳол, деб қабул қиламиз ҳам. Рости, бу фақат футболга тегишли оғриқли ҳолат эмас. Бошқа айрим спорт турларида ҳам шундай. Айниқса, оммавий спорт мусобақаларида бу ҳол кўп такрорланади. Мусобақа номи оммавий. Бироқ иштирокчилар камида спорт усталигига номзод. Яқинда яккакураш спорт турларидан бири бўйича пойтахтимизнинг туманларида маҳалла ёшлари, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, уюшмаган ёшлар, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”ларига киритилганлар ўртасида оммавий спорт турнири ўтказилди. Ўтказилган мусобақаларнинг айримларини ҳисобга олмаганда 3-4 та туман баҳсларида болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия коллежлари тарбияланувчилари, таниқли, ҳатто машҳур спортчилар–ўша-ўша “дежурний”лар қатнашишди.
2019 йили футбол бўйича маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган “Маҳаллада футбол”,“Чарм тўп”, “Футболимиз келажаги” турнирларининг айрим босқичларида иштирок этган жамоа ёшлари орасида баъзи ҳолларда футбол мактаблари, олимпия коллежлари тарбияланувчилари, футбол клубларининг футболчилари қатнашганлиги кузатилди. Вахоланки, бу турнирлар айнан маҳалла ёшлари орасида оммавий спорт мусобақаси тарзида ташкил этилиши, ўша маҳалла болалари орасидан иқтидорли ёшларни саралаб олишга қаратилган эди. Биргина мутасаддининг ғирромлиги, “ўзи бўларчилиги” эвазига ўнлаб талантларнинг умри “маҳалла девори”дан нарини кўрмасдан ўтиб кетаётганлиги бор ҳақиқат. Зотан, дарахтнинг томирига болта урилса, унинг танаси зирқирайди, барги тўкилади, қуриб қолади. Бугун ўзбек футболи келажаги бўлган болалар футболига бу тарзда ёндашиш ҳам дарахт томирига зарба беришдек гап.
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаганлиги миллионлаб юртдошларимизни ранжитганлиги бор гап. Аслида, бундан катта фожеа ясаш ҳам керакмасдек, гўё. Қатарга бормасак, Беруний бобомиз кашф қилган сеҳрли диёрларга борармиз. Бунда ҳам бир ҳикмат бордир. Ҳикматки, миллий ифтихоримиз, жимитдекина бўлса-да ватанпарварлигимиз, фидойилигимиз етишмаётгандир, балки. Аммо “аввал иқтисод, кейин сиёсат” даври тамойилига муккадан кетилган паллада ватанпарварлик кимлар учундир жимжимадор кўринса-да футболчиларимиз, умуман, спортчиларимиз учун ўша сиёсатниннг “олови” яхши гуриллаётган бўлса-ю яна ғалаба учун етишмаётган “анқо”ни тополмай жонсаракмиз. Бизу отасининг молини ютқазгандек ғам-ғуссага ботган фанатлар у ёқла турсин, ҳаттоки миллий футболимизнинг фахру ифтихори, билимдони бўлган Биродар Абдураимов ҳам Қатар “шлакбауми”да Саудия Арабистони томонидан тўхтатилган йигитларимизнинг сардори Одил Аҳмедовдан ўша ҳеч ким тополмаётган “анқо”ни сўрадию жавоб ололмади...
Нима бўлганда ҳам Қатар йўлида кейинги шоҳсупага кўтарилган Сурия, Хитой, Австралия, Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Омон, Япония, БАА, Вьетнам, Жанубий Корея, Ливан сафида бўлишга биздан ташқари Қувайт, Иордания, Бахрайн ва қўшни Тожикистон жамоаларига “бир тепки” етишмади. Вазиятнинг бундай кўриниш олиши омадга ҳам боғлиқ, албатта.
Ўша, “анқо”ни топгувчи жаҳон чемпионатининг “сеҳрли таёқчаси” кимда экан? Рўзиқул Бердиевдами, Тимур Кападзедами ёки Қизилқуму Қорақум кенгликларидаги чўпоннинг чайласидамикан? Балки Оврупою Амриқода эмас, шундоқ бурнимизнинг тагидадир....
Изламоқ ва изланмоқ мақсадлар ва истакларнинг, орзуларнинг амалиётини таъминлайди. Зеро, ҳамма нарса ҳохишдан бошланади. Ниятимиз ғолибликми, сўзсиз амалга ошади. Асосийси, истаклар холису ҳалол, умуммақсадлар муштарак бўлса бас. Ўшанда, “эртакчи чоллар”, “қутқучи”лару “қитиқлагувчи”лар ҳам мум тишлаб қолади...
Тўлқин Рўзиев, ЎзА