Озарбайжонда ўзбек шоирининг китоби тақдимот қилинди
Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ташаббуси билан Озарбайжонда ўтказилган Туркий дунё ёш шоирларининг 2-фестивали доирасида, Ағдам шаҳридаги Муғом марказида таниқли ўзбек шоири Шуҳрат Орифнинг озарбайжон тилида нашр этилган "Мактубдир умрим" китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Дунё ёш турк ёзувчилари бирлиги раиси, шоир ва публицист Интиқом Яшар, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Салим Бабуллаўғли, Анқара Ижтимоий фанлар университети ректори Мусо Козим Арижан, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммед Энес Кала, Туркманистон Маданият вазирлиги вакили Акмурод Ражабов, шунингдек, туркий дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган адабиёт ва маданият намояндалари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқалар сўнгги йилларда янада ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Шуҳрат Ориф ижодининг озарбайжон китобхонларига тақдим этилишини икки қардош халқнинг муштарак маънавий қадриятларини тарғиб этиш йўлидаги муҳим воқеа сифатида баҳоладилар. Шунингдек, мазкур нашр туркий дунёнинг адабий интеграциясига, ўзаро таржима анъаналарининг бойишига ва маданий ҳамкорликнинг кенгайишига салмоқли ҳисса қўшиши қайд этилди.

"Мактубдир умрим" китоби Озарбайжондаги Дунё ёш турк ёзувчилари бирлиги ҳамда "Ҳудудий ҳуқуқий ва иқтисодий маърифат" жамоат бирлашмасининг ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида тайёрланган. Лойиҳанинг асосий мақсади туркей дунёнинг муштарак маънавий меросини тарғиб қилиш, Озарбайжон–Ўзбекистон адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, замонавий ўзбек шеъриятини озарбайжон китобхонларига таништириш ҳамда туркий халқлар ўртасидаги адабий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Тадбир давомида Шуҳрат Ориф ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди, китобдан намуналар ўқилди ҳамда ушбу нашр туркий дунёнинг маданий ҳаётига муносиб ҳисса экани алоҳида эътироф этилди.
Тақдимот якунида иштирокчилар муаллифни самимий табриклаб, мазкур китоб Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида янги адабий лойиҳалар ҳамда маданий ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирдилар.