Озарбайжон Ислом цивилизацияси марказига совға инъом этди
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий яқинлик Тошкентда ўтказилган навбатдаги маданий мулоқотда яна бир бор намоён бўлди. Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон – Озарбайжон: муштарак мерос, муштарак қадрият” мавзусида тадбир ўтказилиб, қардош давлат томонидан Марказга 150 дан зиёд китоб, миллий мусиқа чолғу асбоблари ҳамда ноёб Қорабоғ гилами тақдим этилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли таъкидлашича, халқларимиз маданий яқинлиги асрлар давомида шаклланган. Республикамизда 16 йилдан буён фаолият юритаётган ушбу муассаса билан Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик ҳам айни муштаракликнинг амалий ифодасидир.

– Озарбайжон билан Ўзбекистон кўп минг йиллик тарихий ришта билан боғланган, – деди Марифли. – Низомий Ганжавийдан бошланган бу дўстликни Алишер Навоий давом эттирган. Алоқалар бугун Президентларимиз ўртасидаги яқинлик туфайли янада юксак даражага кўтарилмоқда.
Тақдим этилган намуналар орасида Қорабоғ ҳунармандлигининг ўзига хос анъанасини акс эттирган, 5-рақами асосида тўқилган ноёб гилам алоҳида эътиборни тортди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиев икки мамлакат халқлари муштараклигига тўхталиб, бундай тадбирлар умумий меросни янада чуқур ўрганишга муносиб ҳисса қўшишини таъкидлади.

– Кўп йил тарих билан шуғулланган инсон сифатида мен бугун Қорабоғ гиламини биринчи марта кўриб, ҳали Озарбайжон маданиятидан ўрганишимиз лозим бўлган жиҳатлар бисёрлигини яна бир бор ҳис этдим, – деди олим. – Халқларимиз тарихидаги ҳар бир умумий унсурни ўрганганимиз сари икки халқ тарихидаги уйғунлик янада теран намоён бўлаверади. Бойлигимиз фақат ўзимизники эмас, балки дўстларимиз мероси билан ҳамоҳанг.

Тадбир давомида Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон маданият маркази ҳамкорлигини янада ривожлантириш, икки халқ умумий тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича фикр алмашилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА