“Ўзагросуғурта” АЖда “Ёшлар куни” муносабати билан учрашув ўтказилди
“Ўзагросуғурта” АЖда “Ёшлар куни” муносабати компания тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати, Президентимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим олиши, касбий малакасини ошириши, замонавий технологияларни ўзлаштириши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Очиқ мулоқот давомида компанияда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш, раҳбарлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда касбий ўсиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида маълумот берилди. Ёш мутахассисларнинг таклиф ва фикрлари тингланиб, улар билан самимий мулоқот олиб борилди.
Шунингдек, компания фаолиятида юқори натижаларга эришган, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ажралиб турган бир гуруҳ ёш ходимлар муносиб рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир якунида иштирокчи ёшлар учун маънавий-маърифий экскурсия ташкил этилди. Улар Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюриб, ушбу масканларнинг маънавий аҳамияти билан яқиндан танишдилар.
Мазкур тадбир ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда уларни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилди.