“Ўзагроинспекция”да сумалак сайли
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Наврўз тантаналари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб уюшқоқлик билан бўлиб ўтган “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясида Наврўз байрамига уланиб кетди. Инспекцияда миллий қадриятлар ва урф-одатларга хос бўлган тадбирлар ташкил этилди, сумалак сайли ўтказилди.


– Наврўз шунчаки оддий байрам эмас, – дейди “Ўзагроинспекция” ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева. – Бу байрамнинг бетакрор удум ва фалсафаси Шарқ ва Ғарб цивилизациялари қадимий урф-одатларини ўзида яққол акс эттириб, умумбашарий қадриятга айланиб улгурган. Кўпчилик болаликдан яшариш ва янгиланиш фасли – баҳорни, Наврўзи оламни орзиқиб, интизорлик билан кутади. Байрам билан боғлиқ ширин болалик хотираларимиз бор. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Қадимда ҳам байрам дастурхонига асосан етти хил миллий таом тортилган. Инспекция жамоаси билан биргаликда эрта тонгдан баҳор миллий таоми бўлган сумалак тайёрлашга киришдик. Барчада кўтаринки, ўзгача кайфият. Дастурхонга ҳар кунгидан бошқача, миллий таомлар тортилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА