Ўз мулкига эгалик фуқароларга қатор енгилликлар бермоқда
Қарор ва ижро
Маълумки, 2024 йилнинг 5 августида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонун ижроси доирасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, қонун кучга киргандан бошлаб ҳозирга қадар вилоятда кадастр органлари томонидан жами 80 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилиб, шундан 39 мингдан ортиғи e'tirof.kadastr.uz платформасига киритилган ҳамда адлия бошқармаси томонидан 13 минг 434 таси кўриб чиқилиб, 5 минг 244 та объектга нисбатан фуқароларнинг тегишли ҳуқуқлари эътироф этилиши таъминланган. Хатловдан ўтказиш жараёнларига 200 нафарга яқин кадастр ходимлари сафарбар қилинган бўлиб, жорий йилда вилоятнинг 167 та маҳалласида хатлов ишлари олиб борилиши мақсад қилинган.
Жумладан, вилоятнинг Косон туманида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Тумандаги Юқори Арабхона маҳалласи раиси Олим Умировнинг таъкидлашича, маҳаллада яшаб турган уй-жойлари бўйича эгалик ҳуқуқи эътироф этилмаган хонадонлар талайгина. Ҳудудда бугунги кунда 3 минг 700 нафар аҳоли яшайди, 518 та хонадон мавжуд. Кадастр ходимлари билан биргаликда икки ҳафтадан буён хатлов жараёнлари муваффақиятли олиб борилмоқда.
– Шу уйни 26 йил аввал қуриб, кўчиб кирганмиз, – дейди шу маҳаллалик Аҳадулла Шукуруллоев. – Бошида умуман қизиқмаган эканмиз. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида кредит олмоқчи бўлдик ва уй-жойларни гаровга қўйишга тўғри келди. Қарасак, эгалик ҳуқуқимиз йўқ. Сўнг ҳаракат қилиб кўрдик, лекин эгалик ҳуқуқини ололмадик. Гўё ижарада тургандек яшаб келяпмиз. Шукрки, давлатимиз раҳбарининг халқни ўйлаб чиқарган қонунлари қўл келиб, маҳалламизда хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Насиб этса, яқин кунларда ушбу ҳужжатга эга бўламиз. Бундан жуда мамнунмиз.
Дарҳақиқат, ушбу акция 2018 йил 1 майга қадар уй-жой қуриш орқали ўзбошимча эгалланган ер участкасига ҳамда унда қурилган объектларга, ҳужжатларда кўрсатилганидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган объектларга, олдинги акция доирасида ҳуқуқлар эътироф этилиши якунига етмаган кўчмас мулк объектларига қаратилган. Шунингдек, 2021 йил 8 июнга қадар ажратилган, бироқ ер ажратиш қарори тасдиқланмаган ер участкасига, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган яшаш учун мўлжалланмаган бинолар жойлашган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ҳамда иншоотлар эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Натижада фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулклари қонунийлаштирилади, кредит учун таъминот предмети пайдо бўлади, бозорда қонуний капитал айланмаси пайдо бўлади. Ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги муаммолар камаяди, фуқаролар ўртасидаги мулкий низолар, шу жумладан, мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилади, ноқонуний қурилмаларни аниқлаш, бузиш, судлашишга ортиқча ресурслар сарфланишининг олди олинади.
Маҳаллани айланиш жараёнида хатлов ишларини амалга ошираётган кадастр ходимларини ҳам учратдик ва суҳбатга чорладик.
– Хатлов ишларини 2024 йил ноябрь ойида бошлаганмиз. Ушбу маҳаллада икки ҳафтадан буён хатловдан ўтказиш ишларини олиб боряпмиз ва бу 9-маҳалла, – дейди туман кадастр ташкилоти муҳандиси Мансур Ўринов. – Давлат кадастрлари палатаси Косон тумани филиали томонидан 4 минг 267 та уй-жой хатловдан ўтказилган. Хатловлар натижасида 500 нафардан зиёд фуқароларнинг кўчмас мулкларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилди. Ушбу кўрсаткичлар фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини тан олиш ва расмийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Туманимизда 77 та маҳалла бор ва ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Албатта уй-жойингиз бўлсаю, эгалик ҳуқуқингиз бўлмаса, бугунги кунда яратилган қанчадан-қанча имконият ва имтиёзлардан фойдалана олмайсиз. Боз устига мол-мулк ва ер солиғини ҳам баланд ставкаларда тўлашга мажбур бўласиз. Тумандаги Бойғунди маҳалласи фуқаролари ҳам акция доирасида амалга оширилган ишлардан мамнун. Бугунги кунда маҳалладаги деярли барча хонадонлар хатловдан ўтказилиб, эгалик ҳуқуқи эътироф этилган.
Масалан, шу қишлоқлик Одина Шодиева ҳам хонадонига нисбатан эгалик ҳуқуқининг эътироф этилганидан ва бу тадбиркорлик фаолиятида янги имкониятларни яратганидан хурсанд эканини таъкидлайди.
– Президентимиз ташаббуси билан чиқарилган қонун биз каби фуқароларга катта имкониятлар эшигини очди, – дейди О.Шодиева. – 10 йилдан буён шу хонадонда яшаб келамиз. Ҳовли жойимиз катта. Солиқлар ҳам уч карра чиқарди. Бунинг устига оилавий боғча очмоқчи эдик. Эгалик ҳуқуқимиз бўлмагани учун ишларимиз юришмай турганди. Ниҳоят эгалик ҳуқуқи эътироф этилди ва барча ишларимиз кўнгилдагидек кетяпти. Оилавий боғча ҳам очдик. Энди баралла бу уй-жой бизники дея оламиз. Солиқлар ҳам сезиларли камайди.
Айтиш жоизки, қонун ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларнинг кўнгилдагидек кетишида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада адлия органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ.
– Аҳоли бу жараёнда фаол бўлиши, ҳужжатларни ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириши ва тўловларни вақтида амалга ошириб, эгалик ҳуқуқини олиши учун адлия бўлими ходимлари мунтазам равишда жойларга чиқиб, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда, – дейди Косон тумани Давлат хизматлари маркази директори Жамолиддин Орзуқулов. – Барча фуқаролар бу жараёнга фаол жалб қилинади. Масалан, ўтган йили деярли 2 минг тарғибот тадбири ўтказилди ва уларда 20 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди. Шу билан бирга, яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим, қонун қабул қилингунга қадар ер кодексига мувофиқ эгалик ҳуқуқини фақат 6 сотихгача эътироф этиш мумкин эди. Янги қонун аҳоли учун қулайлик яратди – 1998 йилгача қурилган уй-жойларга 24 сотихгача, 2018 йилгача қурилганларга эса 12-15 сотихгача эгалик ҳуқуқи берилади.
Қонун ижроси вилоят адлия бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, келгусида ҳам вилоятнинг барча ҳудудларида режа-график асосида ҳуқуқларини эътироф этиш ишлари олиб борилади. Мазкур қонун ва амалий ишлар фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг яна бир ёрқин ифодаси дейиш мумкин.
Маълумот ўрнида, мазкур қонун 2028 йилнинг 1 январига қадар амал қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири