Ўз маҳоратларини намойиш этишди
Янгиер шаҳрида ўқувчи қизлар ўртасида футбол бўйича шаҳар босқичи юқори савияда ўтди.
Мусобақа “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” доирасида ташкил этилди ва ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари Жасур Эгамбердиев, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ва вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоевалар иштирок этишиб, ёш спортчи қизларни табриклашди ва уларга муваффақият тилашди.

Беллашувларда Янгиер шаҳри ҳудудидаги барча умумтаълим мактабларидан жамоалар иштирок этди. Қизлар майдонга чиқишиб, ўз техник маҳорати, тезкорлик ва жамоавий ҳамжиҳатликлари билан томошабинларни ҳайратга солишди. Ҳар бир учрашув томошабинлар томонидан алоҳида қизиқиш билан кузатилди.

Мусобақа сўнгида ғолиб жамоалар номи эълон қилинди. Биринчи ўринни 8-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин 2-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига насиб этди, учинчи ўрин эса 4-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига берилди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Анвар Тўйчиев (сурат) ЎзА