Ўйинчоқларнинг болалар саломатлигига хавф туғдириши аниқланди
Қашқадарё вилояти Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари томонидан Тошкент шаҳридаги "А.С" МЧЖга қарашли савдо тармоғида назорат хариди амалга оширилди. Ўрганишлар давомида Хитойда ишлаб чиқарилган “BIRDS ANIMAL” номли болалар пластик ўйинчоғининг сифати ва хавфсизлиги кўздан кечирилди.
Лаборатория синовлари натижаларига кўра, мазкур маҳсулот “Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, ўйинчоқнинг юза қисми ташқи таъсирга чидамсиз бўлиб, бу ҳолат бола саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу нуқсонлар болаларда токсик ва аллергик касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонуни талабларига зид келади. Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ҳамда хавфли маҳсулотларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида "А.С" МЧЖ савдо тармоғига тегишли тақдимнома киритилди. Унга кўра, талабларга жавоб бермайдиган “BIRDS ANIMAL” пластик ўйинчоқлари савдодан чиқарилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА