Қойилман замоннинг фалсафасига...
МИСРАЛАРДА ҲИКМАТЛАР
МИСРАЛАРДА ҲИКМАТЛАР
Қойилман замоннинг фалсафасига,
Қулоғимдан чўзиб берган дарсига.
Учрадим кимсага яхшилик қилиб,
“Ортимдан нон единг”, деган арзига.
* * *
Кўп сўзлар оғизнинг мантиғи саёз,
Ҳар тилда бўлгайдир ҳам оғу асал.
Бесабаб йиғлатар арчилса пиёз,
Бемаъни гапдон ҳам қилади касал.
* * *
Кимгадир кўринар хулқи бечора,
Сўз демай хўмрайса, кулгинг келаркан.
Аёл бўлса экан, майли начора?
Эркак аразласа, хунук бўларкан.
* * *
“Дарёни тескари оқизган бобом,
Деди у: Бу амал иноят бўлган”.
Оролни қуритган балки шу бобонг,
Иноят эмас, бу — жиноят бўлган.
Абдулазиз РУСТАМ ўғли