Ғоялар турлича – мақсад муштарак
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, депутатликка номзодлар, сайловчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар” шиори остида мутлақо янгича кўриниш, демократик принципларга хос бўлган очиқлик ва ошкоралик мезонларига асосан ўтмоқда.
Янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ, сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари, партия фаоллари иштирокидаги митинг ва акциялар, шунингдек, номзодлар ҳамда ишончли вакилларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашув ва мулоқотлари ўта қизғин ва кўтаринки руҳда ташкил этилаётгани партияларнинг сиёсий майдондаги мавқеини ошириб, хайрихоҳлари сафи кенгайишига хизмат қилаётир.
– Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, партиямиз томонидан Тошкент вилоятидаги 13 та сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 13 нафар, вилоят кенгашига 60 нафар, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига 600 нафар номзод кўрсатилган, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Умид Шоумаров. – Номзодлар вилоят бўйлаб сайловолди ташвиқоти доирасида ўзларининг 5 йилга мўлжалланган дастури билан сайловчиларни таништириш баробарида, уларнинг муносабати ва фикрларини ўрганиб борди.
Тадбирда партия фаолияти, амалий ишлари ва эришаётган натижалари, депутатликка номзодларнинг илгари сураётган ташаббуслари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга саноқли кунлар қолди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Асатилла Шукуруллаев. – Мамлакатимизда халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, барча соҳаларни модернизациялаш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси яратилмоқда. Мана шуларга ҳамоҳанг равишда, бугунги кун депутати ҳокимият ва халқ ўртасидаги ҳақиқий кўприк вазифасини ўташи керак. Юртдошларимиз Ватанимиз тақдири, буюк келажагини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур муҳим сиёсий жараёнга алоҳида масъулият билан ёндашиб, сайловларда бизнинг партия номзодларига овоз беришига ишонаман.
Тадбирда шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш бугунги давр талаби эканига алоҳида эътибор қаратилиб, иштирокчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори бўлишига чорланди.