“Охших” номи остидаги маҳсулотларга талаб ортмоқда
Бухоро вилояти Жондор туманида “Охших” маҳалла фуқаролар йиғинида ўнлаб оила мебелсозлик билан шуғулланиб келади. Маҳаллада бугунга келиб, тўрт мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Шундан фаол меҳнат билан банд бўлганлар сони 1,5 минг нафарни ташкил этади.
Айни кунда ҳудуддаги ўнга яқин йирик мебель ясаш цехида жами 200 нафарга яқин маҳаллий ёшнинг бандлиги таъминланган. Ҳудудда “Эркин бобо мебель маҳсулоти”, “Абдул Боқи Раҳмон”, “Эъзоз мебеллари” каби хусусий корхоналар МЧЖ шаклида фаолият юритиб, ўнлаб оиланинг моддий манфаатдор бўлишига имконият яратмоқда. Бу корхоналарда дастлаб уста дурадгорлик шаклланиб, сўнг ҳунармандлик ривожи сифатида мебелсозлик билан шуғулланишга ўтилган. Хонадонлар ва ижтимоий соҳа иншоотлари жумладан, умумтаълим мактаби, болалар боғчаси, тиббий муассасалар учун бежирим ва замонавий андозадаги стол-стул, шкаф, тумбочка, шунингдек, диван-кресло, ошхона гарнитури, яна бошқа қаттиқ ва юмшоқ мебеллар тайёрланмоқда.

Ҳудуднинг етакчи ишлаб чиқариш субъектларига айланаётган бу устахона ва цехларда бугунга келиб жами юзга яқин ишчи-мутахассис, дурадгор меҳнат фаолиятини олиб бораётган бўлса, корхоналарда маҳсулот айирбошлаш, буюртмаларни ўз вақтида бажариш орқали йиллик товар айланмаси 15-17 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Албатта, ҳозирда турли ўлчам ва кўринишда “Охших” ёрлиғи остида тайёрланаётган замонавий андозадаги юмшоқ ва қаттиқ мебель ички бозорда ўз харидорини топган.

Мебель ишлаб чиқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,8 гектар ер майдонида ташкил этилган “Охших” кичик саноат зонасининг лойиҳа қиймати 14 миллиард сўмга молиялаштирилган. Шу кунга қадар мебелсозлик устахоналари ҳовлиларда, алоҳида тарқоқ кўринишда иш юритган бўлса, энди ўттизга яқин дурадгорлик цехи, мебелсозлик шохобчалари имконияти кенгайтирилиб, кичик саноат зонасида, яхлит фаолият бошламоқда.
“Охших” кичик саноат зонасида аҳоли талаб ва истакларидан келиб чиқиб, ер майдони ўртача 5 сотихдан 14 та лотга бўлиниб, аукцион савдолари орқали тадбиркорлик субъектларига сотилган. Бунда 1 сотих ер майдони қиймати ўртача 2 миллион сўм миқдорида тадбиркорлик субъектларига берилган. Жараёнда тадбиркорларга имконият тариқасида “Микрокредитбанк” туман филиали томонидан 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ кредит сармояси сифатида расмийлаштириб берилган.

Жумладан, “NAJMIDDIN-KOMIL” ва “FOZIL DAVRON ABDUQODIR” МЧЖлари ҳар бири 1 миллиард 200 минг сўм миқдорида, “AMIRXON DILNOZA AVAZ” МЧЖ эса 600 миллион сўм маблағни расмийлаштириб олиб, мебель ишлаб чиқаришга йўналтирмоқда.
Масалан, тадбиркор Достон Дўстмуродов 2021 йилдан буён ўз хонадонида устахона очиб, якка тартибда ишлаб, кейинчалик 4 нафар шогирд етиштириб, ошхона ва офис мебеллари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Эндиликда у “Интизор файз мебель Бухоро” МЧЖ ташкил этиб, кичик саноат зонасида битта лотни ютиб олди. “Микрокредитбанк”дан 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёз даври билан 200 миллион сўм кредит сармоясини олган тадбиркор турдаги асбоб-ускуналарни сотиб олиб ўз фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирда унинг кичик корхонасида 11 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

Ҳозирда 11 та лойиҳа амалиётга жорий этилаётгани ҳисобидан кичик саноат зонасида йиллик қуввати 87,5 минг донага тенг бўлган 43 турдаги мебель маҳсулоти ишлаб чиқарилиши таъминланмоқда. Бунинг эвазига эса бир йилда 50 миллиард сўмга яқин мебель маҳсулотлари сотилиши ва маҳаллий бюджетга 2 миллиард 500 миллион сўм қўшимча тушум қўшилиши таъминланади.

Шунингдек, кичик саноат зонасида зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларини шай қилиш мақсадида электр тармоқлари линияси, яна трансформатор пункти барпо қилинган. Ҳудудда 400 метр масофада ичимлик суви тармоғи тортилиб, 300 метр узунликда ички йўл қисми бетонлаштирилган. Бу каби ташкилий чора-тадбирлар орқали “Охших” мебелсозларига зарур шарт-шароит яратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.