Оталар фарзанди олдидаги бурчини унутмасин
Навоий вилояти Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2011 йил 3 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор М.С.дан собиқ турмуш ўртоғи Н.С. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижроси Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими томонидан таъминланди.
Амалга оширилган ижро жараёнларида қарздорнинг мол-мулклари бор ёки йўқлиги ўрганилган, бир неча бор алимент қарздорлиги ҳақида М.С. огоҳлантирилиб, алимент пуллари ўз вақтида тўланмаган тақдирда маъмурий қамоқ жазосига тортилиши, бу мажбуриятни бажариши қонунда белгилаб қўйилганлиги, акс ҳолда унга нисбатан жиноий жазо чораси қўлланилиши лозимлиги тушунтирилган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида ундирувчи Н.С. ҳозирда Россия Федерациясининг Липеск шаҳрида яшаётганлиги аниқланган.
Бюронинг Навоий шаҳар бўлими давлат ижрочиси С.Ахророванинг маълум қилишича, олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида бир нафар фарзанди учун М.С. жорий йилнинг 12 май куни жами 23 миллион 810 минг сўм алимент пулини тўлаб берган. Ўша куннинг ўзида мазкур пуллар почта алоқа тармоғи орқали Н.С.нинг яшаш манзилига юборилган.
Бюронинг Нурота туман бўлими томонидан эса алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ўз вақтида тўламаган отага нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан тегишли жазо тайинланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 2009 йил 22 декабрдаги суд буйруғига кўра, қарздор Х.М. икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун жами 12,4 миллион сўмлик алимент тўловларини тўлаб бермаганлиги ҳолати юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, судга тақдим этилди.
Кармана туман маъмурий судининг қарорига асосан, ҳуқуқбузар Х.М.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Албатта, қарздорнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши уни алимент тўловларини тўлашдан озод қилмади. Аксинча, кейинчалик жиноий жавобгарлик масаласи кўрилишига йўл очди.
Абдували Бўриев,
ЎзА