Ота хотирасига бағишланган китоб тақдимоти
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Шаҳноза Муҳаммадиеванинг Юсуф Муҳаммадиев хотирасига бағишланган “Отамнинг ҳарбий қизиман” китоби тақдимотига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу китобда Юсуф Муҳаммадиевнинг ҳаёт йўли, касбий фаолияти, оиласи ва яқинлари хотираларидаги ёрқин қиёфаси кенг ёритилган.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, халқаро тоифадаги спикер, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова ва бошқалар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар китобнинг маънавий-маърифий аҳамияти, унда ота сиймосининг фарзанд қалбидаги ўрни самимий ва таъсирчан ифодаланганини таъкидлади. Асарда акс этган ҳаётий воқеалар, хотиралар ва ибратли лавҳалар ёш авлод учун ҳам муҳим тарбиявий аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Юсуф Муҳаммадиев Самарқанд вилояти болалар кутубхонаси директори вазифасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган. У кутубхоначилик, таълим соҳасини ривожлантириш, китобхонликни тарғиб этиш, ёшларни миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган.

Тадбир давомида “Отамнинг ҳарбий қизиман” китоби муаллифи, ҳарбий шифокор Шаҳноза Муҳаммадиева асарнинг яратилиш жараёни, отаси ҳақидаги хотираларни китоб саҳифаларига муҳрлаш истаги ҳамда ижодий изланишлари ҳақида гапириб берди.
Тақдимот иштирокчиларда китобга катта қизиқиш уйғотиб, ота хотирасини асраб-авайлаш, унинг ҳаёт йўли ва эзгу ишларини ёш авлодга етказиш борасида муҳим маънавий аҳамият касб этди.
Н.Усмонова, ЎзА