Ота-оналар яратилган шароитлардан мамнун
Айни кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари учун янги ўқув йилига тест синовлари давом этмоқда.
Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор, вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов Давлатобод туманида жойлашган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими биносида бўлиб ўтаётган тест синовлари билан танишди. Қайд этиш жоизки, имтиҳонлар давомида нафақат абитуриентлар, балки уларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари учун ҳам қулайликлар яратилган.


– Тест жараёнлари билан танишиш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Фарзандимнинг келажаги учун бу жараённинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилган ҳолда, имтиҳонларнинг очиқлиги ва адолатлилиги ота-оналарга хотиржамлик бағишлади, – дейди Дилбар Холматова. – Айниқса, тест синовларига бириктирилган Наманган муҳандислик-технология институти томонидан ота-оналар учун кундалик хизматда керак бўладиган “волонтёрлар гуруҳи” фаолиятидан беҳад миннатдормиз. Мазкур олийгоҳда ўқиётган ёки ўқишга кириш ниятида бўлган ёшлар учун катта имкониятлар яратилганини эшитиб, фарзандимнинг келажагига бўлган ишончим янада ошди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.