Ота алиментдан қарзини тўлаб берди
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, алимент пулларини ўз вақтида ундириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
– Алимент ундирувлари ортида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари туради, – дейди МИБ Избоскан тумани бўлими бошлиғи Маҳсуджон Алимов. – Шу боис ҳам, алимент билан боғлиқ ижро ишлари алоҳида назоратга олинмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор фуқаро Р.Н.дан фуқаро З.Т. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди учун даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирилиши кўрсатилган.
Алимент тўловлари ўз вақтида тўлаб борилмаган. Шу сабабли қарздорлик йиғилиб қолган. Бўлим давлат ижрочилари томонидан қарздор отага алимент тўловларига бефарқлик билан қараш, фарзандни таъминотсиз қолдириш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди. Қолаверса, унинг собиқ турмуш ўртоғи тўланмай келинаётган алимент пули ундириб берилишини сўраб мурожаат қилган эди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари, тушунтиришлар натижасида қарздор тўламай келаётган алимент пулларини тўла тўлашини билдириб, 4 минг 500 АҚШ доллари кўринишида пулларни ундирувчи З.Т.га топширди. Шу тариқа ижро иши тамомланди.
Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар ана шу бурчни асло унутмасликлари, ҳар қандай вазиятда зиммаларидаги масъулиятни адо этиши лозим.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири