Ота алимент пулини олдиндан тўлиқ тўлади
Оила муқаддас даргоҳ, оилада тинчлик-хотиржамлик, тотувлик бўлса, жамият ҳам ривожланади. Афсуски, оилавий келишмовчиликлар оқибатида айрим оилалар парокандаликка юз тутмоқда.
Бироқ, фарзандининг моддий таъминоти учун суд томонидан белгиланган алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошираётган оталар кўпчиликни ташкил этади. Алимент тўловлари вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бухоро вилояти Мажбурий ижро Бюросининг Когон тумани бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2012 йил 7 сентябрдаги қарздор А.Маруповдан ундирувчи Г.Ғаниева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун қарздор даромадининг 1/4-қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд.
Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2012 йил 8 октябрда бўлим иш юритувига келиб тушган ва ҳозирга қадар ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур суднинг 2022 йил 8 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан А.Маруповдан Г.Ғаниева фойдасига ундириладиган алимент миқдори 1/6-қисмгача камайтирилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор ота алимент тўловларини олдиндан тўламоқчилигини маълум қилганлиги учун бўлим ходимлари томонидан қарздор ва ундирувчининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда алимент тўловларини олдиндан тўлаш тартиби тушунтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 145-моддасида алимент тўлаши шарт бўлган доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шартлиги кўрсатилган.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Қарздор А.Марупов судга мурожаат қилиб, вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ундирувчининг фойдасига бир йўла олдиндан алимент тўламоқчи эканлиги сабабли ижро ҳужжати бўйича ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2022 йил 6 декабрдаги ажрими билан А.Маруповдан ундирувчи Г.Ғаниева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 2023 йилнинг 01 январь кунидан бошлаб фарзанди вояга етгунига қадар бўлган давр учун бир йўла алимент тўлаши белгиланган.
Бўлим ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, қарздор А.Маруповдан ундирувчи Г.Ғаниева фойдасига бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун фарзанди вояга етгунига қадар бўлган давр учун олдиндан тўланиши лозим бўлган 114.586.554 сўм миқдорида алимент пуллари бир йўла ундирувчи Г.Ғаниева фойдасига ундирилиб берилди ва ижро ҳужжати амалда тамомланди.
Зариф Комилов,
ЎзА