От спорти: Эътибор ва эътироф – ғалаба ва ютуқларнинг пойдевори
Ўтаётган йил мамлакатимиз спортчилари, хусусан от спорт турлари вакиллари учун ҳар қачонгидан сермаҳсул кечди.
Аҳамиятлиси, 2021 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисомний тарбия ва спорт тизимини ривожлантириш тўғрисида йигирмадан ортиқ қарорлари, давлат дастурлари, “йўл харита”лар қабул қилинган бўлса, шундан камида 5-6 таси бевосита йилқичилик ва от спорт турларини оммалаштиришга, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, ёшлар ўртасида ушбу соҳани кенг оммалаштиришга тегишли бўлди.

Жорий йилнинг 11 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу спорт турлари ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва оммалаштириш, улар бўйича миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда иштирок этиши, юқори натижаларга эришилишини таъминлаш мақсадида 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурининг қабул қилинганлиги соҳа тараққиётида сув ва ҳаводек зарур ишларнинг бажарилишига қўшқанот бағишлади.
Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат дастурида кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилнинг сентябридан эътиборан от спортининг от йўрттириш, тўсиқлардан сакраш (конкур), замонавий бешкураш, поло бўйича халқаро турнирларни ташкил қилиш ҳамда мазкур йўналишлар бўйича жаҳон майдонларида ўтадиган йирик спорт анжуманларида Ўзбекистон номини улуғлаш кўзда тутилган эди.
Йил якунлари ва энг кучли спортчилар, мураббийлар ва жамоаларни аниқлаш ва уларни тақдирлаш бўйича пойтахтимизда ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Айтиш лозимки, ўтаётган йил давомида мамлакатимиз от спорт турлари вакиллари Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларида ва юртимизда ташкил этилган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этишди. Ватанимиз довруғини оширишда ўз ҳиссаларини қўшишди.
Аҳамиятлиси, ўтаётган йилнинг ҳар бир хафтасида мамлакатимизда у ёки бу даражада от спорти мусобақалари ташкил этилдики, бунинг натижасида минглаб ёшлар, аҳолининг кенг қатлами от спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақалар билан қамраб олинди.

– Албатта, 2021 йил юртимиз от спорти вакиллари учун омадли келди. Эпидемиологик вазиятга қарамасдан 20 тага яқин хорижий мусобақаларда қатнашдик. Агар ўтган йиллар билан таққослайдиган бўлсак, бу йилги кўрсаткич 95 фоизга амалга оширилди. Бир қатор турнир ва чемпионатларда илк бор иштирок этишимизга қарамасдан 20 дан зиёд медаллар шодасини қўлга киритдик. Бунинг барчаси замирида давлатимизнинг от спортига бўлган эътибори мужассам. Йил давомида эришилган натижаларда спортчи ва мураббийларнинг, мутахассисларнинг хизмати беқиёс бўлди. Уларни муносиб тақдирлаш, келажакдаги ютуқ ва ғалабалар сари илҳомлантириш доимий вазифамиз, – дейди Ўзбекистон от спорти, поло ва замонавий беш кураш федерациялари раҳбари Баҳром Газиев.
Тадбир давомида 2021 йилнинг энг яхши спортчилари, жамоалари, мураббийлари, мусобақа ташкилотчилари қаторида 30 дан зиёд номинациялар бўйича номзодлар тақдирланди. Асосийси, муносиблар номи эътироф этилди. Уларга совғалар, гуллар тақдим этилди. Муҳими, кейинги ғалабалар сари спортчилар, мураббийлар, мутахассисларга маънавий қувват бағишланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА