Осойишта ҳаётимиз посбонлари шарафланмоқда
Сурхондарё вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан эрта тонгдан ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, нуронийлар ва ёшлар Термиз шаҳридаги Мотамсора она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.

Термиз шаҳри кўчаларида замонавий ҳарбий техникалар паради ташкил этилди.
Термиз шаҳридаги Санъат саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ўқиб эшиттирди.

Сўнгги йилларда қуролли кучларимиз тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тинч, обод ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ғояси билан давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир. Бу жараёнда жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиб, армия ва халқ бирлигини таъминлаш ва ҳудудий мудофаа масалаларини ечишда ҳал қилувчи орган вазифасини ўтамоқда.
Айни пайтда мамлакатимиз жанубидаги Сурхондарё вилоятида ҳам ҳарбий-маъмурий сектор ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қўшинларнинг кундалик фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оиласининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳарбий шаҳарчалар, полигонлар инфратузилмасини ривожлантиришда ҳарбий тузилмалар командирларига яқиндан кўмаклашмоқда. Жумладан, якунланган йилда воҳадаги ҳарбий қисмларни қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш, шунингдек, бошқа харажатлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 43 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, Термиз дала ўқув майдони инфратузилмаси тубдан ўзгартирилди. Жаҳон андозаларига жавоб берадиган полигонга айлантирилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфидаги қўриқлов пости, Какайди аҳоли пунктидаги ҳарбий шаҳарча ва бошқа кўплаб ҳарбий қисмларда ётоқхона, ошхона, маданият маркази ва ўқув бинолари янгидан қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Замонавий муҳандислик ва махсус техника воситалари олиб берилди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Миллий гвардиянинг вилоятдаги ҳарбий хизматчилари Давлат хавфсизлиги хизмати, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ходимларига 332 хонадондан иборат 13 та кўп қаватли турар жой ҳамда 62 та ҳовли уй-жой қуриб берилди. Шу кунларда Музработ туманидаги маҳаллаларда чегарачилар учун 70 та ҳовли уй-жой қурилиши давом этмоқда.
Президентимиз 2019 йилнинг 17-18 октябрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Денов туманидаги ҳарбий қисмда Ватанимиз ҳимоячилари билан учрашиб, уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш ҳамда ҳудудга хос миллий қадриятлар билан яқиндан таништириб бориш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида икки йилдирки, вилоятдаги барча куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида вилоят ҳокими соврини учун “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” номидаги танлов ўтказилиб, иштирокчилар муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам воҳада соҳага қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Тантанали тадбирда Президентимиз фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган ҳарбий хизматчиларга орден ва медаллар топширилди. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоятдаги маҳалла, таълим ва бошқа муассасаларда, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий шаҳарчаларда байрам тадбирлари юксак савияда давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА