Ўсмирларимиз Осиё чемпионатида тенгсиз бўлди
Тошкент шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича U15 ва U17 ёш тоифаларидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида 17 ёшгача бўлган боксчилар қитъа чемпионлиги учун жанг қилди.
Қувонарлиси, ушбу ёш тоифасидаги ҳамюртларимиз 9 та олтин, 7 та кумуш ва 6 та бронза, жами 22 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақа давомида Қумринисо Муҳаммадова, Меҳримах Қиличова, Карина Илмуратова, Соҳибахон Худойбердиева, Камронбек Баҳодиров, Рушен Сайдуллаев, Баҳодир Холиқулов, Абдувоҳид Абдумажидов, Маъруфжон Тошпўлатов ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, Рухшонабону Аҳадова, Парвина Шакарова, Абдуллоҳ Нуралиев, Ойбек Алимжонов, Абдулбосит Юрсунбоев, Аҳмадхон Абдусатторов, Самандарбек Умаров кумуш, Фарангиз Усвалиева, Маржона Худойбердиева, Саломатхон Сардорова, Диёра Бўрибоева, Лобар Шайманова, Ферузабону Камолова бронза медаль билан тақдирланди.

Мазкур ёш тоифасида медаль жамғаришда қозоғистонлик боксчилар 8 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза билан иккинчи, Ҳиндистон термаси эса 2 та олтин, 7 та кумуш ва 8 та бронза медаль тўплаб, учинчи ўриндан жой олди.
Осиё чемпионати анъанасига мувофиқ мусобақа якунида U15 ва U17 ёш тоифаларида “Энг яхши боксчи” номинацияси ғолиблари аниқланди.
U17 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида ушбу эътирофга ҳамюртимиз Рушен Сайдуллаев сазовор бўлди. Қизлар ўртасида эса Қозоғистон вакили Аяулим Оспанова турнирнинг энг яхши боксчиси деб топилди.
U15 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида эронлик Аболфазл Пешенвар, қизлар орасида эса Ҳиндистон спортчиси Сунаина мусобақанинг энг яхши боксчилари сифатида қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА