Осиё оғир атлетика федерацияси Конгрессида муҳим масалалар муҳокама қилинди
Осиё оғир атлетика федерациясининг навбатдаги Конгресси Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳрида юқори савияда ташкил этилди. Йиғилиш катталар ўртасидаги Осиё чемпионати доирасида ўтказилиб, унда қитъамизнинг турли давлатларидан аъзо федерациялар вакиллари офлайн ҳамда онлайн форматда иштирок этди.
Конгрессга федерация президенти Муҳаммад Юсуф Ал Мана, бош котиб Муҳаммад Ал Ҳарби ҳамда Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ҳасан Жалуд раислик қилди.

Тадбир давомида техник, тиббий, мураббийлик ва илмий-тадқиқот қўмиталари фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланди. Шунингдек, федерациянинг молиявий фаолияти бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Йиғилишда жорий йил Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари, 2027 йилги Осиё чемпионати ҳамда Ар-Риёд шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё ёпиқ иншоотлар ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама марказида бўлди.
Конгресс кун тартибидан Жанубий Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбариятини сайлаш масаласи ҳам ўрин олди. Унга кўра, Сахдев Ядав федерация президенти этиб сайланди. Непал, Мальдив, Шри-Ланка ва Бангладеш вакиллари эса раҳбарият таркибидан жой олди. Шу билан бирга, Мальдив федерацияси тарихда илк бор Жанубий Осиё оғир атлетика чемпионатини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Йиғилиш давомида 2026 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайлов Конгрессига мезбонлик қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қатар ва Сингапур томонидан тақдимотлар ўтказилди. Ижроия кенгаши қарорига кўра, мазкур нуфузли тадбирни қабул қилиш ҳуқуқи Қатарга берилди. Сингапур эса захира мезбон сифатида тасдиқланди.

Шунингдек, федерация Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Мазкур ўзгартишлар якуний ҳуқуқий экспертиза учун Халқаро оғир атлетика федерациясининг ҳуқуқий бўлимига юборилади. Кейинчалик эса улар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Конгрессда расман тасдиқланиши белгиланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА