Осиё кубогида футболчиларимиз кореялик тенгқурларига қарши ўйин ўтказади
Саудия Арабистони мезбонлигида ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида чорак финалга йўл олган барча жамоалар номи аниқ бўлди.
Мусобақанинг сўнгги турида Сергей Чигодаев бошқарувидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси Австралияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва “D” гуруҳида 100 фоизлик натижа кўрсатиб, ўз гуруҳида пешқадамга айланди. Австралия эса иккинчи ўриндан жой олди.

Жанубий Корея Яманни мағлуб эта олмади (0:0). Вьетнам эса БААни мағлуб этиб, 6 очко билан "С" гуруҳи ғолибига айланди. Корея 5 очко билан гуруҳда 2-ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Осиё кубоги 1/4 финал босқичи доирасида 16 май куни Ўзбекистон – Жанубий Корея, Вьетнам – Австралия термалари ўзаро куч синашадиган бўлди. Дарвоқе, ярим финал остонасидаги яна икки учрашувда 15 май куни Япония – Тожикистон, Саудия Арабистони – Хитой баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА