Осиё кубоги ғолиблари аниқланди
Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда Ўзбекистон, Сингапур, Саудия Арабистони, Туркманистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Хитой Тайпейи ва Тожикистон давлатларидан 100 нафарга яқин спортчилар иштирокида Кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга, Олимпия спорт турлари билан бир қаторда миллий спорт турларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мусобақа якунида эркаклар ўртасида 66, 73, 81, 90, +90 килограмм, аёллар ўртасида 57, 70, 78, +78 килограмм вазн тоифаси бўйича ғолиблар аниқланди. Шунингдек, жамоавий беллашувларда биринчи ўринни Ўзбекистон, иккинчи ўринни Тожикистон, учинчи ўринни Туркманистон ҳамда Ҳиндистон полвонлари эгаллади.
– Мазкур мусобақада қорақалпоғистонлик полвонлар ҳам муносиб иштирок этди, – дейди халқаро тоифадаги ҳакам Нокисбай Данияров. –Жумладан, якка беллашувларда эркаклар ўртасида Дамир Атаниязов, Захриддин Зайтов учинчи, Ўткир Уразгалиев, Шеримбетов иккинчи, аёллар ўртасида Гулзабира Тилеуимбетова, Ойгул Одилбоева учинчи, Санеойим Эркинбоева иккинчи, Озода Медетбаева биринчи ўринларни эгаллади.
Ўзбекистон жамоаси таркибида қорақалпоғистонлик уч нафар спортчи, Захриддин Зайтов, Озода Медетбаева, Лариса Торежанова иштирок этиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди.

Ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган полвонларга диплом ҳамда 700 АҚШ доллари, кумуш медаль соҳибларига 400 АҚШ доллари, бронза медали ғолиблари 200 АҚШ доллари, жамоавий беллашувларда ғолиб бўлган биринчи ўрин эгаларига 3000 АҚШ доллари, финалчиларга 2000 АҚШ доллари ва бронза медаль эгаларига 1000 АҚШ доллари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА