Осиё чемпионатининг 3-тур баҳслари бошланди
Бугун Хитойда давом этаётган футбол бўйича U20 ёш тоифасидаги Осиё кубогининг гуруҳ босқичи 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Мазкур турга қадар Ўзбекистон, Хитой, Эрон, Жанубий Корея ва Австралия терма жамоалари ўз гуруҳларида чорак финал йўлланмасини ҳал қилган бўлса-да, гуруҳ пешқадамлиги учун ўйин ўтказишади.
Демак, 3-тур доирасида “А” гуруҳида бир хил 6 очко тўплаган Австралия ва Хитой термалари ўзаро тўқнашади. Шунингдек, бу гуруҳда Қирғизистон – Қатар терма жамоалари шунчаки расмиятчилик учун ўйин ўтказади.

“B” гуруҳидаги баҳслар эса 19 февраль куни бўлиб ўтади. Унда Ироқ – Иордания, Саудия Арабистони – КХДР ўртасидаги ўйинларга гувоҳ бўламиз. Қизиғи бу гуруҳда барча жамоаларда чорак финалга чиқиш имконияти мавжуд. Эслатиб ўтамиз, 2-тур якунига кўра, ушбу тўртликлар орасида Ироқ термаси 4 очко билан биринчи поғонада бормоқда. Саудия Арабистони ва Иордания термалари ҳисобида эса 3 очко бор бўлса, КХДР бир очко билан сўнгги ўринда қолди.

Биз учун аҳамиятли бўлган “С” гуруҳида Ўзбекистон U20 терма жамоаси 3-турда Эрон билан гуруҳ пешқадамлиги учун рақобатлашади. Ушбу жамоалар ҳозирда икки ғалаба эвазига 6 очко билан 1-2 ўринда бормоқда. Иккинчи ўйин эса Индонезия ва Яман жамоалари ўртасида кечади.
“D” гуруҳининг иккинчи тур учрашувларида Сурия 2:2 ҳисобида Япония билан дуранг ўйнаган бўлса, Жанубий Корея 4:1 ҳисобида Таиландни таслим қилди.

Натижада Жанубий Корея 6 очко билан яққол пешқадамга айланиб олди. Япония эса 4 очко билан иккинчи, Сурия эса 1 очко билан учинчи ўринга жойлашди. Таиланд термаси эса ҳамон очкосиз қолмоқда. Мазкур гуруҳдаги сўнгги турда Жанубий Корея – Япония, Сурия – Таиланд жамоалари куч синашади. Мазкур учрашувда Япония имкониятни бой бериб қўйса, Сурия йирик ҳисобда зафар қуча олса, навбатдаги босқичга чиқади. Қолган барча натижалар эса Япония фойдасига ишлайди.

Дарвоқе, чорак финалда “А” ва “B”, “C” ҳамда “D” гуруҳларида 1-2 ўринни эгаллаган терма жамоалар ўзаро рақобатлашади. Ушбу баҳслар 22-23 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА