Осиё чемпионати Бўстонлиқда старт олди
Бўстонлиқ тумани илк бор тоғ велосипеди “Mountain Bike” бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Беш кун бўлиб ўтадиган турнир энг экстремал ва томошабоп экани билан ажралиб туради.
Шу муносабат билан ташкил этилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси Раиси Танзила Норбоева, Осиё велоспорт конфедерациясининг президенти, UCI вице-Президенти Дато Амаржит Сингх, Спорт вазирлиги масъуллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Дастлаб мусобақада иштирок этаётган терма жамоаларнинг паради ташкил этилди. Шундан сўнг сўзга чиққан Сенат раиси Т.Норбоева чемпионатнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши халқаро велосипед ҳамжамияти томонидан спорт инфратузилма, ташкилий салоҳият ва халқаро мусобақаларни қабул қилиш имкониятларига бўлган ишонч ортиб бораётганини яққол намоён этишини таъкидлади.
[gallery-30084]
Тадбирда “Mountain Bike” бўйича ўтказилаётган 33-Осиё чемпионати расман очиқ деб эълон қилинди. Барча терма жамоалар вакилларига эсдалик совғалари топширилди.
Мусобақалар дастурига 5 та йўналиш киритилган бўлиб, уларнинг барчаси спортчилардан юқори жисмоний тайёргарлик, техник маҳорат, тезкор қарор қабул қилиш, мураккаб табиий трассада ҳаракатланиш қобилияти ва жамоавий ҳамкорликни талаб этади. Чемпионатда Осиёнинг етакчи велосипед спорти мамлакатлари вакиллари жалб қилинган бўлиб, 18 та давлатдан 300 нафарга яқин спортчи қатнашмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу чемпионатда 20 нафар спортчи билан иштирок этаётгани алоҳида эътиборга молик. Бу кўрсаткич мамлакатимизда велоспортнинг ушбу йўналиши қисқа муддат ичида шаклланиб, халқаро майдонда муносиб иштирок этиш салоҳиятига эга бўлаётганини кўрсатади.
Халқаро нуфузли мусобақани шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Бутунжаҳон антидопинг ташкилоти томонидан вакиллар иштирок этмоқда. Шунингдек, жараёнлар юқори савияда ўтишини таъминлаш учун халқаро мутахассислар жалб қилинди. Пойгалар ўтказилаётган трасса туркиялик муҳандислар томонидан ташкил этилган.
Эътиборлиси, Марказий Осиёда илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли мусобақа 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этади.
Мусобақанинг илк дастурларидаги ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Хусусан, “Kross kauntri” йўналишидаги эстафета ҳамда яккалик баҳсларида хитойлик пойгачиларга тенг келадигани топилмади. Иккинчи кунги DHI (юқоридан пастга вақт бўйича) беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси қизлари медалларни ҳеч кимга беришмади. Севинчой Зарипбоева бронза, Ализа Режепова кумуш ва Мария Закирова олтин медалга эга чиқди.
Мусобақалар давом этмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари