Оролбўйида йўл қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳалар қатори йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
— Бугунги кунда республикада жами 4 минг 172 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари мавжуд. Шундан 664 километри халқаро, 966 километри давлат, 2 минг 542 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини ташкил этади. Мазкур йўл тармоғи республиканинг барча ҳудудларини ўзаро боғлаб, аҳоли ва тадбиркорлар учун ишончли транспорт қатновини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан йўл хўжалигини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурлари изчил амалга оширилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари Бош бошқармаси бошлиғи Умрбек Матназаров.
2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасида умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳар ва туманларнинг ички хўжалик йўллари, кўприклар ҳамда йўл инфратузилмаси объектларида кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда 468,5 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, 970 километр ички хўжалик йўлини таъмирлаш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар давлат бюджети, инвестиция дастурлари, халқаро молия институтлари ҳамда “Ташаббусли бюджет" дастури маблағи ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 — 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ҳамда кўприкларни замонавий талаблар асосида қайта қуриш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Жумладан А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг 698–723 километр қисмида, Д-234 “Нукус – Чимбой – Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 9,3–14,3 километр қисмида, шу билан бирга А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 787,5 километр қисмида жойлашган йўл ўтказгич замонавий талаблар асосида реконструкция қилинмоқда. Бундан ташқари, Д-231 “Қўнғирот – Мўйноқ” автомобиль йўлининг 11,8 километр қисмида жойлашган кўприкда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 4Р174 “Нукус шаҳри – Хўжайли шаҳри” автомобиль йўлининг 0–11 километр қисмида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 94,3 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш, асфальт қопламаси ётқизиш, кўприкларни таъмирлаш ҳамда тунги ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар учун 105,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, бугунги кунда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳам йўл қурилиши соҳасида янги босқични бошлаб берди. Жумладан, А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 673–698 километр оралиғидаги 25 километрлик қисми цемент-бетон қоплама асосида реконструкция қилинмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ҳам бир қатор муҳим объектларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Жумладан, А-380 автомобиль йўлининг Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи 673-698-км (25 км) километрлик қисми цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга, Шуманай туманидаги Д-235 автомобиль йўлининг 22 километрлик қисми, А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг Хўжайли тумани ҳудудидан ўтган 787,5 километрлик қисмида жойлашган 60 метр узунликдаги йўл ўтказгичи, шунингдек, Бўзатов туманидаги 95V038 автомобиль йўлининг 18,3 километрлик қисми фойдаланишга топширилади.

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2024 йил 15 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Осиё тараққиёт банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикасида 61,3 километр маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини цемент-бетон қопламага ўтказиш бўйича яна бир йирик лойиҳа амалга оширилади.
Умумий қиймати 18,5 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа доирасида Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли, Бўзатов, Қўнғирот, Шуманай, Қонликўл, Амударё, Беруний, Тўрткўл туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги жами 27 та объект қамраб олинади. Хусусан, 1-лот бўйича 16,6 километр, 2-лотда 18,2 километр, 3-лотда 14,1 километр, 4-лотда эса 12,4 километр автомобиль йўллари цемент-бетон қопламага ўтказилади.
Ҳозирги кунда лойиҳа бўйича 4 та лот юзасидан тендер савдолари эълон қилинган. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида маҳаллий автомобиль йўлларининг хизмат муддати сезиларли даражада узаяди, эксплуатация харажатлари камаяди, энг муҳими, аҳоли ва транспорт воситалари учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий ҳаракатланиш шароитлари яратилади.
Йўл — тараққиёт мезони. Бугун энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари нафақат йўл инфратузилмасини янгилашга, балки ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, логистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири