Оролбўйида ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни касб байрами муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимиз ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида устоз ва мураббийлар билан учрашувда сўнгги йилларда юртимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган натижалар ва ечимини кутаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб, олдинда қилиниши керак бўлган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.
Доно халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чуқур маъноли гап бежиз айтилмаган. Чунки, биз ким бўлмайлик, қайси касбда ишламайлик, ҳаммамиз ўқитувчи ва мураббийлар қўлидан таълим-тарбия олганмиз, уларнинг кўмагида ҳаётда ўз йўлимизни топганмиз. Шунинг учун ҳам ўқитувчи ва мураббий деганда кўз олдимизга, энг аввало, ҳар биримиз учун энг азиз ва энг қадрли бўлган фарзандларимизга таълим-тарбия, келажакка аниқ йўналиш беришдек эзгу ишга ўз ҳаётини бағишлаган мўътабар касб эгалари гавдаланади.
[gallery-31734]
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, соҳадаги ислоҳотлар жамиятда ўқитувчиларнинг ўрни ошишига ва муваффақиятларга мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Мисоллар билан айтиб ўтадиган бўлсак, ўтган 5 йилга нисбатан тоифаланган ўқитувчилар сони 3 ярим баробарга ошгани, шунингдек, миллий сертификат олган ўқитувчилар сони 207 нафардан 13 минг нафарга, халқаро сертификатга эга ўқитувчилар эса 4 ярим минг нафарга кўпайгани, жорий йилнинг ўзида 15 нафар ўқитувчининг Германия, Франция, Туркия, Озарбайжон ва Хитой давлатларига бориб, малака ошириб қайтгани юқори кўрсатгичдир.
Шунингдек, “Йил ўқитувчиси” танловида 17 нафар ўқитувчи ғолиб бўлиб, ҳар бири 616 миллион сўмдан моддий рағбатлантирилгани, байрам муносабати билан 7 нафар фидойи ўқитувчи-мураббийнинг давлат мукофотларига муносиб деб топилгани эса эзгу ишлардан дарак беради.
Ўз навбатида устозлар ишончини оқлаб, ютуқлари билан фахримизга айланаётган ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган мамлакатимиз терма жамоаси таркибида пара-шахматчи Селби Какишеванинг ҳам борлиги барчамизга фахр-ифтихор бағишламоқда.
Шу билан бирга жорий йил бошидан буён қорақалпоғистонлик спортчи ёшларнинг Осиё, жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда 114 олтин, 121 кумуш ва 183 бронза, жами 418 медални қўлга киритганини, 2025-2026 ўқув йилида 450 нафар ўқувчимиз муддатидан олдин талаба бўлганини, асосий фан олимпиадаси Республика босқичида сўнгги икки йилда ўқувчилар жамоавий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллаб келаётганини, халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларнинг 7 та совринли ўринни эгаллаганини алоҳида айтиш лозим.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан бир гуруҳ соҳа фидойиларига кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқ ва рағбатлантирувчи мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Байрам тантанаси санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари