Орол қуриди, энди навбат Каспийгами? (+видео)
Бугун экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, сув танқислиги кескинлашиб бормоқда. Бу каби муаммолар бутун Ер сайёрасида ўзини намоён қиляпти.
Биргина Орол фожиаси оқибатлари Марказий Осиё минтақасига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Эндиликда Касбий денгизи сатҳи ҳам пасайиб бораётгани ачинарли ҳол.
— Бугун бутун Ер юзида ҳаво ҳарорати йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, эколог олим Борий Алихонов. — Бу эса сув инқирозларига олиб келмоқда. Яқинда Туркманистоннинг Аваза сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтган экологик саммитда минтақа мамлакатлари раҳбарлари ҳудуддаги экологик муаммоларга тўхталиб, қатор ташаббусларни билдирди.
Биз доим Орол денгизини глобал экологик муаммо деб айтиб келганмиз ва бутун жаҳон ҳамжамияти буни тан олган. Лекин афсуски, Авазадаги саммитда қўшни мамлакатларимиз Президентлари маърузаларида Каспий денгизи ҳам борган сари инқирозга учраётгани, унинг экологик барқарорлиги ёмонлашиб, издан чиқаётгани ҳамда Каспийнинг ҳам сатҳи камайиб бораётгани тўғрисида бонг уриб гапирилди.
Бу нафақат Каспий учун, балки бутун минтақа учун ҳам катта салбий таъсирга эга. Каспийнинг сув ҳажми Орол денгизининг сув ҳажмидан бир неча баробар кўп. Ҳозирда Каспийнинг сатҳи бир неча метрга тушиб кетган. Ҳатто 153 километргача чекинган сув қирғоқлари ҳам бор. Афсуски, денгиз ва дарёларнинг қуриши фақатгина Каспий мисолида эмас, бутун дунё мисолида келтирсак бўлади. Масалан, ёз ойларида Дунай ва Европанинг бир неча кўллари қуриб қолади.
Каспий минтақа микроиқлимини, мўътадиллигини сақлаб турадиган катта ёпиқ денгиз. Унинг сатҳи тушиб кетиши, қуриши эса бутун минтақа иқлимига салбий таъсир кўрсатади.
Батафсил қуйидаги видеоҳаволада.
М.Комилова,
О.Давронов, А.Аҳмедов (видео),
ЎзА