Орол фожиасидан "сўзловчи кемалар қабристони"
ФОТОРЕПОРТАЖ
Орол денгизи ўтмишда дунёдаги энг йирик сув ҳавзаларидан бири бўлган бўлиб, Каспий денгизи, Шимолий Америкадаги Юқори кўл ва Африкадаги Виктория кўлидан кейинги тўртинчи ўринда турган. Бир пайтлар қирғоқларига сиғмай ҳайқирган денгиз ўтган XX асрнинг охирларида қуришни бошлади. Ҳозир денгиз ўрнида Оролқум саҳроси пайдо бўлган.
Орол фожиасининг асл кўриниши Мўйноқдаги занглаган кемаларда акс этади. Маълумотларга кўра, 2000 йиллар бошларигача денгизнинг қуриб қолган майдонларида 300 га яқин кемалар бўлган. Уларнинг кўпчилиги чиқинди темир-терсак сифатида йўқ қилинган. “Кемалар қабристони” – “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси”да бугун 15 га яқин кема кўргазмага қўйилган. Орол денгизи тарихи ва унинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишиш истагида Қорақалпоғистон Республикасига келган маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар албатта “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси”га ташриф буюради.
Давлатимиз раҳбари топшириғи билан 2019 йилда “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси”да кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мажмуа ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи “Мўйноқ тур” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Миллий ўтовлар кемпинги, овқатланиш ва дам олиш ўринлари ташкил этилган. Ҳудудда Орол денгизи тарихи музейи фаолият юритмоқда. Шунингдек, кенг жамоатчилик эътиборини тортиш ва янада қизиқтириш мақсадида мажмуа ёнида “Стихия” номли электрон мусиқа фестивали ва “Ралли Мўйноқ” автопойга мусобақаси дастурий тарзда ўтказиб борилади.
[gallery-3337]
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА