Ўқув-тренинглари ташкил этилди
Азалдан Шарқнинг дурдонаси, буюк Ипак йўлининг юраги сифатида эътироф этилган Бухоро нафақат бетакрор тарихий обидалари, балки меҳмондўстлиги, миллий қадриятлари ва юксак хизмат кўрсатиш маданияти билан ҳам дунё сайёҳларини ўзига ром этиб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар Бухоро вилоятида ҳам изчил давом этмоқда. Бу эса меҳмонларга тақдим этилаётган хизматлар сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқишни тақозо этмоқда.
Ана шу эзгу мақсад йўлида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси ташаббуси билан Бухоро вилоятида меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари ходимлари учун “Front Office” ҳамда “Housekeeping” йўналишлари бўйича малака ошириш ўқув-тренинглари ташкил этилди.
Мазкур ўқув дастури меҳмондўстлик индустриясида халқаро хизмат кўрсатиш стандартларини кенг жорий этиш, соҳа ходимларининг касбий маҳорати ва замонавий билимларини мустаҳкамлаш, меҳмонлар эҳтиёжини чуқур англаган ҳолда юқори савияда хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантиришга қаратилди.
Тренингларда меҳмонхона раҳбарлари, администраторлар, resepshen ходимлари, Housekeeping хизмати мутахассислари ҳамда жойлаштириш воситаларининг бошқа вакиллари фаол иштирок этишиб, меҳмонларни кутиб олиш, улар билан мулоқот маданияти, сервис сифати, хонадонларни тайёрлаш ва санитария талабларига риоя қилиш, меҳмонлар мамнунлигини ошириш бўйича халқаро тажрибалар билан танишишди.

Мутахассислар томонидан амалий машғулотлар, ҳаётий мисоллар ва интерактив усуллар орқали хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг илғор ёндашувлар иштирокчиларга етказилди. Бу эса меҳмонхона ходимларининг касбий салоҳиятини янада ошириш билан бирга, ҳар бир меҳмонда Бухоро ҳақида унутилмас таассурот қолдиришга хизмат қилади.
Бугун жаҳон сайёҳлари нафақат тарихий обидаларни томоша қилиш, балки ўзларига кўрсатиладиган хизмат сифатига ҳам катта эътибор қаратади. Шу нуқтаи назардан, Бухорода ўтказилаётган бундай ўқув-тренинглар туризм инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ва халқаро меҳмондўстлик стандартларини амалиётга кенг татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими, бу каби ташаббуслар Бухоронинг жаҳон туризм харитасидаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, унинг меҳмондўст, замонавий ва юқори сервисга эга туристик маскан сифатидаги мавқеини юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, Бухорога ташриф буюрган ҳар бир меҳмон бу ердан нафақат тарих нафасини, балки самимий меҳр, юксак эътибор ва ҳақиқий ўзбек меҳмондўстлигини ҳис қилиб қайтиши энг катта ютуқдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири