“Оқтепа”га музей керак!
Бундан бир неча йиллар муқаддам Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг олис тоғ қишлоқларидан “Маърифат” газетаси учун махсус саҳифа тайёрлаб келган эдим. Ушбу мақолада Қўшрабод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Абдужаббор Мамановнинг мактабда тарихий музей барпо этиш ҳақидаги жўяли ва жиддий фикрлари илгари сурилган эди. Аммо, бу фикрлар газетада ёзилсада жиддий натижа бўлмади.
Абдужаббор ака ЎзМУнинг тарих факультетини тугаллагач, 40 йилга яқин мактабда тарих фанидан дарс берган тиниб-тинчимас муаллим. У “Қўшработ тарихи”, “Оқтепа тарихи”, “Дарс ўтишнинг 40 усули”, “Замонавий таълим қандай бўлиши керак?” номли китоблар ва бир қатор тарихий мавзудаги мақолалар муаллифи ҳамдир. Университетни тугаллагач академик, А.Ремеев бошчилигида “Ўлкашунослик материалларини ўрганиш” мавзусида илмий иш бошлаган ва бу иш турли сабабларга кўра чала қолиб кетган. Абдужаббор Маманов бир неча йиллардан буён Оқтепа қишлоғи атрофларида қадимий топилмаларни тўплаб, музей ҳолига келтириш ташвишида қайғуради.
Эндиги умид ҳокимдан
“Музей билан боғлиқ ҳаракатларим вилоят, туман жамоатчилигига яхши таниш” – дейди Абдужаббор ака. Матбуотда кўп ёзилди, аммо натижа йўқ. Ваҳоланки, бу музей ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида ҳоким бўлган даврда қўллаб қувватланиб, молиявий кўмак ҳам берилган эди. Аммо, бу маблағ музей қурилишига эмас, ўша пайтдаги аҳволи ҳаминқадар мактабимизни таъмирлашга ишлатилди. Ҳозирда мактаб таъмирдан чиқарилди. Экспонатлар мактаб ичида. Аммо, музей қуришга маблағ йўқ. Яшириб нима қиламан, бутун дунёда археологик топилмалар жуда қиммат туради. Ҳозирда мактаб биносида сақланаётган ашёларни жуда катта нархда сотиб олишга сўраб ҳам келишди. Аммо, мен уларни сотмайман. Ҳеч қачон. Уларда жонажон юртимизнинг тарихи намоён. Мен уни фарзандларимизга кўрсатишим, уларда жонли тасаввур пайдо бўлиши учун фойдаланаман.
Оқтепа қишлоғидан узоқ Х асрдан олдинги неолит даври ёдгорликлари топилган. Ҳозир музейда 1000 дан ортиқ топилмалар бор. 10 минг йил илгариги мозорқўрғонлар, мис даврига оид (энеолит) топилмалар мавжуд. Қазилмаларнинг бирида бўйни билан ёнбош томонга қараган тарзда дафн қилинган манглайқош, яъни зебигардон, оёғида мунчоқ, 6 та билакузук билан кўмилган одам қабри топилди. Улар ҳам узоқ тарих бронза даври ёдгорликларидир. Музей билан боғлиқ масала кўп кўтарилди. Аммо, натижа йўқ.
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов халқ таълими ходимлари фаолиятига катта эътибор билан қарайдиган раҳбар. Истагимиз мактабимиздан махсус музей учун бино ва уни барпо этишда шахсан ўзлари ёрдам берса, кўп йиллик оддий қишлоқ муаллими сифатида ниҳоятда хурсанд бўлар эдим. Қолаверса ташкил этилажак бу музей халқимизнинг, жонажон Қўшработимизнинг узоқ тарихидан жонли ҳикоя қилувчи улуғ маънавият маскани ҳам бўлар эди.”
Дарҳақиқат, инсоният Учинчи ренессансга қадам қўймоқда. Аммо, тарихни билмасдан келажакка қадам қўйиб бўлмайди. Шундай экан олис тоғ қишлоқларида маънавият, маърифатга қалб ҳисси билан ёндашаётган Абжужаббор Маманов каби қишлоқ муаллимлари ташаббусини ҳар қанча қўллаб-қувватласак арзийди. Зеро, устоз мураббийларнинг ҳар бир эзгу ишида келажак авлод баркамоллиги ташвиши турибди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратаяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир”.
Ўлжабой ҚАРШИЕВ,
журналист