Оқолтинда мош экспорти кўпаймоқда
Жорий йилда оқолтинлик фермер, агрокластер ва ер эгалари ғалладан бўшаган 7 минг гектар ер майдонига мошнинг "Дурдона","Қаҳрабо", " Зилола", "Наврўз"," Маржон", "Турон" каби ҳосилдор навларини экишганди.
Айни вақтда мош пишди. Уни йиғиб-териб олиш ишлари кетяпти. Йиғиб-териб олинган мошни тумандаги "Оқолтин Экспорт инвест" масъулияти чекланган жамият харид қилиб, қадоқлаш ишларини олиб боряпти.

Шу бугунги кунгача сараланган ва қадоқланган мошдан 1 миллион доллар миқдоридаги мош Хитой давлатига экспорт қилинган бўлса, яқин кунларда яна 4 миллион долларлик маҳсулот ушбу давлатга жўнатилади.
–Корхонада 25 та иш ўрни яратилиб, улар томонидан кунига 80-100 тонна дуккакли маҳсулотлар қайта ишланмоқда, – дейди корхона раҳбари Иноятулло Холбоев.

Бу борадаги ишларнинг тез ва сифатли бажарилишида Хитой давлатидан келтирилган саралаш ва қадоқлаш дастгоҳларининг ўрни катта бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири