Ўқитувчилар учун маҳорат дарслари
Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан қишки таътил кунларида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун маҳорат дарслари, ўқув -семинарлар ўтказилмоқда.
Андижон вилояти Педагогларга янги методикаларни ўргатиш маркази ҳамда Андижон шаҳридаги 31- умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқув -семинарларда умумтаълим мактабларининг математика, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё, биология, тарих, инлиз тили ва она тили фанлари ўқитувчилари иштирок этди.
– Маҳорат дарсларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ўқитувчиларнинг маҳорат ва малакаларини ошириш, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоилжон Мирзаев. – Қолаверса, уларни таълим методикаларида жорий этилаётган халқаро тажрибалардан хабардор қилиш, фаолиятларига илғор иш услубларини қўллаш бўйича билим ва тажрибаларини оширишга қаратилган.
Ўқув- семинарда малакали спикерлар томонидан ўқувчиларга дарсларни пухта ва самарали ўзлаштиришига кўмаклашиш, таълим жараёнлари жозибадорлигини оширишда креатив ёндашувлар, илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш сингари қатор мавзуларда маҳорат дарслари ўтилди, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Бу каби ўқув семинарлар, маҳорат дарслари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
[gallery-15346]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари