Ўқитувчилар меҳнати соддалаштирилмоқда
Кундалик рақамли таълим платформасида Ўзбекистон бўйлаб 6 мингдан ортиқ мактаб рўйхатдан ўтган, улардан 5 мингдан кўпроғи қоғоз кундалик ва журналлардан бутунлай воз кечиб, электрон ҳужжат айланишига ўтган.
“Кундалик” компанияси берган маълумотларга кўра, ишланмалар сабабли Ўзбекистон таълим хизматлари бозорида таълим сифатини ошириш, иш жараёнини рақамлаштириш орқали ўқитувчилар меҳнатини соддалаштириш бўйича янги хизматлар пайдо бўлди.
Янгиланган “Kundalik.Teacher” мобиль иловаси ўқитувчига интернет тармоғига уланмасдан туриб, баҳо қўйиш, ўчириш, ўзгартириш, дарс мавзуси ҳамда уй вазифаси матнини ўзгартириш имконини беради. Ҳозиргача Ўзбекистоннинг 200 мингдан ортиқ педагоги иловадан фойдаланмоқда. Ўтган йилги асосий ишланмалардан бири “Kundalik.Family” иловасининг иккита талқини мавжуд – асосий (бепул) ва ПРО (пуллик). Илова ёрдамида ота-оналар фарзандининг қаердалиги, баҳолари ва давомати ҳақида тезкор билдиришнома олиши, боланинг синфдаги рейтинги, кейинги ўқув кунидаги уй вазифалари сони, ўртача балл ва ҳафта якунларини кўриши мумкин. Мактаб ўқувчиларида эса илова орқали кундаликнинг барча хизматларидан фойдаланиш, уй вазифалари ва файлларни бажарилган ижодий топшириқлар билан бирга юбориш, жадвални кўриш ва ўз кунларини мустақил равишда режалаштириш имконияти пайдо бўлди. Фойдаланувчиларга янги маҳсулотнинг қулайлигини синаб кўриш имкониятини бериш учун “Kundalik.Family” иловаси 2021 йил охиригача бепул тақдим этилди. Ҳозирнинг ўзидаёқ илова “Play Market” ва “App Store”да 1 миллион маротабадан ортиқ юклаб олинган.
“Kundalik.Tracker” – бу ПРО обунасига киритилган бепул дастур бўлиб, боланинг қаердалиги ҳақида маълумот олиш учун яратилган ва ҳозиргача 58 минг маротабадан кўпроқ юклаб олинган. Ўтган 2021 йилда мактаб ўқув дастуридаги фанларни қўшимча ўрганиш учун мультисервисли онлайн платформа яратиш мақсадида “Kundalik.Smart” лойиҳаси ҳам ишга туширилди. Ушбу лойиҳа конструктор, фанлар, синфлар ёки республика рўйхатига киритилган дарсликларнинг мазмуни бўйича гуруҳланган ўқув қўлланмалари каталогини ўз ичига олади. Платформада шунингдек, масофавий таълим хизматлари, мотивация ва геймификация воситалари тақдим этилган.
Бугунги кунда ўқитувчи “Кундалик”даги “Календарь режалаштириш” бўлими орқали ўзининг рақамли дарсини яратиши, уни видео, аудио материаллар, тест топшириқлари билан бойитиши ҳамда уй вазифаси сифатида бериши мумкин. Агар хоҳиш бўлса, машғулотни дарслик ёки мавзу бўйича расмий тематик режа билан боғлаш мумкин.
Декабрь ойида “Зоом”нинг Кундалик платформасига интеграцияси амалга оширилди. Бу ўқитувчиларга мактаб ўқувчилари учун онлайн видео дарсликларни тез, осон ва бепул ўтиш имконини берди. Кундалик таълим платформасидаги “Зоом” имкониятлари видеодарсларни яратиш ва режалаштириш жараёнини соддалаштиради, ўқитувчиларга ҳатто масофавий ўқитиш даврида ҳам замонавий EdTech воситаларидан фойдаланиш имконини беради. Ушбу функция мавжуд бўлган мактаблар рўйхати аста-секин кенгаймоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тизимда 562 миллиондан ортиқ баҳо қўйилди, 55 миллиондан ортиқ уй вазифаси топширилди. Ўртача ҳисобда платформадан кунига 1,2 миллион нафардан ортиқ фойдаланувчи фойдаланди.
Йил давомида “Кундалик”нинг қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари томонидан тизим билан ишлаш бўйича 53 минг марта маслаҳат берилган. Компания услубчилари эса 67 минг нафардан ортиқ ўқитувчи, туман ва вилоят ХТБ ходимларини платформа билан ишлашга ўргатди, 4,5 мингдан ортиқ мактаб ўқитувчиси учун 650 дан ортиқ онлайн суҳбат, семинарлар ўтказилди. Шунингдек, 1,7 минг нафар ота-оналар учун “Кундалик” имкониятлари тақдим этилди.
Янги йилда фойдаланувчилар учун янги хизматлар кўламини кенгайтириш ва таълим соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилган.
Б.Мелиқулова, ЎзА