Ўқитувчилар CTEAM лабораторияда малака оширади
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида CTEAM лаборатория ташкил этилди.
Марказ ахборот хизматининг маълум қилишича, 83 миллион сўм маблағ эвазига фаолияти йўлга қўйилган лабораторияда малака оширишга келган ўқитувчилар ўқувчиларга инновацион дарс ўтиш услубларини ўзлаштиради.

– СТЕАМ атамаси AҚШда илк бор мактаб дастурига киритилган бўлиб, ўқувчиларнинг илмий-техника йўналишларида компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган, – дейди марказ директори А.Ибрагимов. –СТЕАМ таълими боланинг ривожланишини ташқи олам билан бевосита боғлайди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида бундай ёндашувга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, Европанинг ўндан ортиқ мамлакатлари миллий стратегия ва ташаббусларида бу ҳисобга олинган.
Турли хил баҳолашларга кўра, ҳозирги кунда талабгор энг кўп бўлган 10 мутахассисдан 9 тасида айнан СТЕАМ билимлари зарур. Бундай касбларга муҳандис-кимёгар, нефть бўйича муҳандислар, компьютер тизимлари аналитиклари, муҳандис-механиклар, муҳандис-қурувчилар, робототехниклар, ядро медицинаси киради.

СТЕАМ дастурлари 7-14 ёшдаги ўқувчиларнинг муттасил равишда ўтказиладиган машғулотларга қизиқишларини орттиради. Масалан, физика дарсларида ернинг тортиш кучи ўрганилганда, формулалар тахтада ёзиб тушунтирилса, СТЕАМ тўгаракларида ракеталар, самолётлар, парашютлар ясаб, ишга тушириб билимларни мустаҳкамлаш имконияти мавжуд.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА