Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносиб нишонланди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни тантаналари Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, шунингдек, ўқув муассасаларида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.
Вилоят ҳокимлигининг анжуманлар саройида ташкил этилган байрам тадбирида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва барча устоз-муаллимларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.

– Ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади, – деди вилоят ҳокими ўз табригида. – Биз учун ҳамиша ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган мўътабар устозлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этсакда кам.Зеро, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устозларнинг олижаноб меҳнатлари ҳаққини адо этиб бўлмайди.

Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва мураббийларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.
–Давлатимиз юксак мукофоти – “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони билан тақдирланганим замирида, аввало, устозларимнинг машаққатли меҳнатлари мужассам, деб ўйлайман, – дейди Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Дилбар Абдуллаева. – Чунки устозларимиз сабоқларидан олинган мукаммал таълим-тарбия меҳнат ва ҳаёт фаолиятимизда энг асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Президентимизнинг фармонига асосан тақдирланган жиззахлик ўқитувчи ва мураббийларга юксак давлат мукофотларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев тантанали равишда топширди.
Таниқли санъаткорлар ва ижрочи ёшлар томонидан намойиш этилган байрам концерти тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари.