Ўқитувчи аввалги ишига қайтарилди
Сирдарё вилоятида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар доирасида яна бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро суднинг 2026 йил 2 июнда қабул қилинган қарори ижроси тўлиқ таъминланди.
Сирдарё вилоятида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар доирасида яна бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро суднинг 2026 йил 2 июнда қабул қилинган қарори ижроси тўлиқ таъминланди.
Ижро ҳужжатларига кўра, тумандаги умумтаълим мактабларидан бирида фаолият юритган ўқитувчи меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда ишдан бўшатилган. Бу қарордан норози бўлган педагог ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилди.
Суд томонидан иш ҳолатлари атрофлича ўрганилиб, иш берувчининг ҳаракатлари ноқонуний деб топилди ҳамда ўқитувчини аввалги лавозимига тиклаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Суд қарори ижро учун Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлимига юборилгач, давлат ижрочиси томонидан тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада суд ҳужжати тўлиқ таъминланиб, педагог ўзининг аввалги иш жойига қайтарилди ва унинг меҳнат қилиш ҳуқуқи қайта тикланди.
— Меҳнат муносабатларида қонун талабларига қатъий риоя этиш ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис меҳнат ҳуқуқларини тиклашга оид суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Давлат ижрочиси Муборак Бобобекова.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Ушбу ҳуқуқ бузилган ҳолларда суд орқали ҳимоя қилиниши ва қабул қилинган қарорларнинг мажбурий ижроси таъминланиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим мезонларидан ҳисобланади.
Мазкур ҳолат ҳам фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда суд қарорлари ижросининг муқаррарлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар самарасининг яна бир амалий намунаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири