Ўқишни кўчиришда қайси миллий ва халқаро сертификатлар учун имтиёзли балл берилади?
Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш истагида бўлган талабалар учун сертификатлар муҳим аҳамият касб этади.
Айрим миллий ва халқаро сертификатларга эга талабгорларга тегишли фанлар бўйича табақалаштирилган ёки максимал балл берилади. Бу эса ўқишни кўчириш жараёнида қўшимча имконият яратади.
Амалдаги тартибга кўра, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчиришда қуйидаги сертификатлар инобатга олинади:
Миллий сертификатлар,
Халқаро сертификатлар ( “A Level” – кимё, математика, биология, физика фанлари, “B” ва ундан юқори даражадаги сертификатлар),
Чет тили бўйича сертификатлар (В2 ва ундан юқори даража):
инглиз тили — IELTS (5.5+), TOEFL iBT (72+), Cambridge Exams, Linguaskill, iTEP;
немис тили — TestDaF,
DSD, Goethe-Zertifikat;
француз тили — DELF/DALF, Test de Connaissance du Français (TCF);
испан тили — DELE, SIELE;
турк тили — TYS;
корейс тили — TOPIK II;
араб тили — AT Tanal Al Arabi;
хитой тили — HSK
Муҳим жиҳат шундаки, миллий сертификатлар ахборот тизими орқали автоматик тарзда аниқланади. Халқаро сертификатларга эга талабгорлар эса ариза топшириш жараёнида ушбу ҳужжатларни электрон шаклда тизимга юклашлари талаб этилади.
Ўқишни кўчиришни режалаштираётган талабалар сертификатларининг амал қилиш муддати ва белгиланган талабларга тўлиқ мослигини олдиндан текшириб чиқишлари мақсадга мувофиқ.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА