Оқ йўл сизга, ўғлонлар!
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида навбатдаги битирувчиларга диплом ҳамда кўкрак нишонлари тантанали тарзда топширилди. Тадбирда ота-оналар, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ўқитувчи-педагоглар иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мазкур ҳарбий таълим муассасасида ёшларнинг интеллектуал, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлиги уйғун ҳолда олиб борилмоқда. Мактабда яратилган замонавий шароитлар, илғор ўқув дастурлари, тажрибали педагог ва ҳарбий мутахассислар томонидан ўтказилаётган машғулотлар ёш авлодни ватанпарвар, билимли ва иродали шахслар сифатида камол топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳарбий-академик лицей ўқувчиларининг ҳар йили ўтказиладиган фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва турли миқёсдаги танловларда эришаётган натижалари, айниқса, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кираётган битирувчиларнинг салмоқли кўрсаткичи бу даргоҳда таълим-тарбия жараёни изчил йўлга қўйилганидан далолат беради.
Тадбирда сўзга чиққанлар битирувчиларнинг бугунги ютуқлари, уларнинг келгуси ҳаётдаги устувор мақсадлари ва Ватан олдидаги масъулиятини алоҳида эътироф этди. Битирувчиларнинг шижоати, мустаҳкам билимга асосланган тайёргарлиги ва миллий ғурур билан йўғрилган маънавияти уларнинг келгусида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муносиб хизмат қилишида муҳим ўрин тутишига ишонч билдирилди.
[gallery-24060]
Тадбирнинг бадиий қисмида ҳарбий оркестр ва фахрий қоровул чиқишлари таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА