“Open budjet”: лойиҳалар ижроси назоратда
Бухоро вилоятида 2023 йилда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг биринчи мавсумида 960 минг 368 нафар фуқародан 3 646 та таклиф келиб тушган. Шундан 223 та ташаббус ғолиб деб топилган. Уларни амалга ошириш учун 187,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, иккинчи мавсумда 970 минг 808 нафар фуқародан келган 2 850 та таклифдан 74 та ташаббус ғолиб деб топилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 80,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йил биринчи мавсумида 172,8 миллиард сўмлик 216 та лойиҳа молиялаштирилган. Иккинчи мавсумда 76 миллиард сўмлик 68 та лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилинган далолатномалари Ўзбекистон Республикаси “Open budjet” порталига юкланган.
“Юксалиш” ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан 2023 йилда Бухоро вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди. Масъул ташкилотлардан олинган маълумотлар таҳлил қилинди.

Вилоятнинг Бухоро шаҳри, Шофиркон, Пешку, Жондор, Бухоро, Ғиждувон туманларида танлов асосида 40 дан ортиқ лойиҳанинг ижро ҳолати ўрганилди. Мониторинглар давомида 2023 йилда режалаштирилган лойиҳаларнинг ижроси, объектларда бажарилган ишлар, харид қилинган жиҳозлар ва анжомларнинг сифати ўтган йилларда бажарилган ишларга нисбатан ижобий томонга ўзгаргани маълум бўлди.

– Масалан, Шофиркон, Бухоро туманлари, Бухоро ва Когон шаҳарлари тиббиёт бирлашмаларига замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар харид қилинган. Улар аҳолига юқори даражадаги тиббий хизматлар кўрсатмоқда, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят кенгаши депутати Ҳамза Рўзиев. – Шунингдек, Шофиркон туманидаги 4-, Жондор туманидаги 43-, Бухоро туманидаги 2-, Ғиждувон туманидаги 30-сонли умумтаълим мактабларида қурилиш, реконструкция ишлари сифатли, ўз вақтида бажарилиб, фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга, Шофиркон туман “Искогаре” маҳалла фуқаролар йиғини “Искогаре” қишлоғида аҳоли томорқаларини суғориш учун 200 метр чуқурликда тик қудуқ қазилган, бунинг учун янги трансформатор ўрнатилиб 700 метр масофага электр линияси тортилган.

Ўтказилган мониторинглар натижалари юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга таклиф ва тавсиялар тайёрланмоқда. Якуний натижалар асосида жамоатчилик эшитуви ўтказиш режалаштирилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири