Оналар учун умид уйғотувчи маскан очилди
Ҳаётнинг машаққатли синовларига дуч келган ҳомиладор аёллар ва янги туғилган гўдаклари билан қолган оналар учун ёруғ умид эшиги очилди. Энди улар учун Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган “Она уйи” маркази меҳр ва қўллаб-қувватлаш масканига айланади.
Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси раҳбарияти, Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, бу хайрли ишнинг жамият учун нақадар муҳимлигини алоҳида таъкидлади.


– “Она уйи” нафақат бошпана, балки тақдир синовига дуч келган аёлларни янги ҳаёт сари йўналтирувчи, уларнинг кўнглига умид, ҳаётига эса янги имкониятлар бахш этувчи ижтимоий лойиҳадир, – дейди “Она уйи” бош координатори Дилдора Зуғунова.
Мазкур масканда оналарга олти ойгача яшаш жойи, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва ижтимоий реабилитация тақдим этилади. Шунингдек, улар бу ерда касб-ҳунар ўрганиб, мустақил ҳаётга дадил қадам ташлаш имкониятига эга бўлади.



А.Мусаев, ЎзА.