Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир
Бухорода 13-15 май кунлари Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди. “Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилган тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари етакчи аёллари иштирок этди.

2024 йилда Самарқандда ўтган биринчи форум Осиёда бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатган бўлса, Бухоро форуми уни доимий платформага айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Чунки бугун хотин-қизлар имкониятлари кенгаймас экан, барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Шу жиҳатдан ушбу майдон глобал таҳдидларга қарши курашда аёллар бирдамлигининг ёрқин ифодаси бўлиб, иқлим ўзгариши, камбағаллик, тенгсизлик ва турли камситишларга қарши самарали ечимларга фақат хотин-қизларнинг фаол иштироки орқали эришиш мумкинлигини исботлади.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мурожаат йўллаб, бугунги мураккаб даврда хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги таъсирини кучайтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш долзарб эканини таъкидлади. Мазкур форум эса, шубҳасиз, келгусида Осиёда барча даражада қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг ролини оширадиган сермаҳсул мулоқот майдонига айланади.
Аслида халқаро даражадаги бундай мулоқот майдонини яратиш ташаббуси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди. Давлатимиз раҳбари 2023 йилда Нью-Йоркда ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш бугуннинг долзарб масаласи эканини қайд этиб, БМТнинг хотин-қизлар тузилмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бу борада Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилганди.
Бундай ташаббуснинг илгари сурилгани бежиз эмас. Дунёда хотин-қизларнинг роли, жамият ҳаётидаги иштироки йилдан йилга ошиб бораётгани бўлса-да, бу жараён жуда қийинчилик билан амалга ошяпти. Масалан, дунёда уч миллиардга яқин аёл ҳамон эркаклар билан бир хил иш танлаш ҳуқуқига эга эмас. Гендер тафовут эса 1990 йилдан буён 30 фоиз даражада сақланиб қоляпти. Ишлаётган хотин-қизларга эркакларга қараганда 20 фоиз кам маош тўланяпти.
Беш миллиардга яқин аҳолисининг қарийб ярмини аёллар ташкил этаётган Осиёда ҳам бу борадаги вазият қувонарли эмас. Қитъанинг баъзи давлатларида аёлларни сиёсатга яқинлаштирмаслик, кам иш ҳақи тўлаш, камситиш, оила, таълим билан боғлиқ “стереотип”лар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ишсизлик эркакларга қараганда юқори. Иш ҳақи тўлаш тафовути эса айрим давлатларда 40 фоиздан ошади. Шу маънода, қитъамизда ҳам хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш долзарб масалага айланди.
Таъкидлаш лозим, бу борада Янги Ўзбекистон тажрибаси дунёга ўрнак бўляпти. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мамлакатимиз ислоҳотларининг устувор йўналишига айланди. Гендер тенглик борасида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал пойдевор яратилди. Янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аёллар ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг институционал кафолатлари мустаҳкамланди. Сўнгги ўн йилда бу йўналишда 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ҳуқуқий база мустаҳкамланди.
Натижада юртимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорликда 37, сиёсий партияларда эса 49 фоизга етиб, Ўзбекистон бу борада халқаро рейтингларда етакчи мамлакатлар қаторига кирди. Жумладан, “Парламентдаги аёллар” рейтингида 193 та мамлакат орасида 35-ўринга кўтарилди. Айниқса, хотин-қизларнинг олий таълимдаги улуши кескин ошди. Бугун бакалавр йўналишида ўқиётган хотин-қизлар улуши 53 фоиз, магистратурада 65 фоиз, олима аёллар кўрсаткичи эса 60 фоизга етди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш тараққиётнинг устувор йўналишига айланди. Ўтган йили 2,6 миллион нафар хотин-қизнинг даромадли меҳнат билан банд бўлишига кўмаклашилди. Натижада Ўзбекистон жорий йилда “Аёл, бизнес ва қонун” халқаро индексида ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 190 та давлат ўртасида 48-ўринни эгаллади.
Албатта, ушбу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатлардан мақсад аёлни бахтли қилиш, жамиятда уларга муносиб шароитлар яратишдир. Чунки аёл бахтли бўлса, оила, жамият бахтли бўлади. Таълим-тарбияли, ватанпарвар, келажаги порлоқ фарзандлар улғаяди. Мутафаккир жадид бобомиз Абдурауф Фитрат таъкидлаганларидек, “Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир”.
Гўзал САМИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати